Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалди. Буни Президентимиз томонидан илгари суриб келинаётган қатор ташаббуслар халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётгани, шу асосда халқаро ташкилотларнинг ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Давлатимиз раҳбари 2020 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида минтақавий ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, изчил тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқларига риоя этишни қўллаб-қувватлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш каби долзарб масалалар юзасидан бир қатор ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, «Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюцияни қабул қилиш ҳақидаги таклиф глобал миқёсдаги муаммоларни ҳал этишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этди.
Жорий йил 14 декабрда эса БМТ Бош Ассамблеяси томонидан мазкур резолюция бир овоздан маъқулланди.
Ушбу халқаро ҳужжатда COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлаган ҳолда кенг кўламли, барқарор ва изчил тикланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамжиҳатлик, бирдамлик, ҳар томонлама ҳамкорликка содиқликни мустаҳкамлашда парламентларнинг муҳим ўрни аниқ кўрсатилган.
Албатта, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда БМТ Глобал кун тартибидан ўрин олган масалалар бўйича таъсирчан амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Яъни, дунёда иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятни ҳар томонлама яхшилаш орқали инсониятнинг ҳаёт тарзи, турмуш фаровонлигини ошириш, адолатли ва барқарор жамият қуриш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда.
Шу маънода БМРга эришиш жараёнларида миллий парламент ҳам фаол иштирок этаётир. Ўзбекистон Республикасининг барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларининг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилиши, бу борадаги саъй-ҳаракатларга янгича суръат берди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Маълумки, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш учун 16 та миллий мақсад (БРМнинг 14-мақсади денгиз экотизимларини асрашга доир бўлгани учун Ўзбекистон томонидан қабул қилинмаган) ва 125 вазифани Ўзбекистон ҳукумати ўз зиммасига олган.
Парламент комиссияси мана шу вазифаларнинг ижросини мунтазам равишда назорат қилиб бормоқда. Бунда, айниқса, ҳудудларни барқарор ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтириш, бандлигини таъминлаш ўрганилмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, овқатланиш рационини яхшилаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доимий эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, аҳоли саломатлигини сақлаш, сифатли таълимни, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барқарор инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларни жорий этиш, шаҳарлар, аҳоли яшаш пунктларининг очиқлиги, хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини таъминлаш каби масалалар чуқур таҳлил қилиб борилмоқда.
Ўрганиш якунларига кўра, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан Парламент комиссияси мажлисларида 28 вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботи эшитилиб, муаммолар ечимига қаратилган қарорлар қабул қилинди.
2020 йилда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга доир Ихтиёрий миллий ҳисоботи илк маротаба БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий кенгаши бошчилигида ўтказилган олий даражадаги сиёсий форумда тақдим этилди.
Шу ўринда БРМга эришиш бўйича дунё давлатларида олиб борилаётган ишлар ҳамда бу борада Ўзбекистон тажрибасига бағишланган бир қатор халқаро тадбирлар ўтказилганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.
Жумладан, БРМ ҳафталиги доирасидаги давра суҳбатларида 30 дан ортиқ халқаро экспертлар иштирок этди. Ўтган йили Бухоро шаҳрида дунё тарихида илк маротаба «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик» мавзуида халқаро форум ўтказилди. Дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашган мазкур халқаро тадбир якунида Бухоро декларацияси қабул қилинди.
Қолаверса, БРМга эришиш мақсадида Ўзбекистонда кўрилаётган чоралар халқаро рейтинг агентликлари томонидан ҳам муносиб баҳоланмоқда. Хусусан, БМТ ва “Bertelsmann” жамғармасининг БРМ рейтингида мамлакатимиз жорий йилда 165 мамлакат орасида 77-ўринни эгаллади.
БМТ томонидан «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюциянинг қабул қилиниши мамлакатимиз ва бошқа давлатларнинг парламентлари, ҳукуматлари учун ниҳоятда аҳамиятли.
Эндиликда бу борада тўпланган ижобий тажрибамиз глобал миқёсда кенг қўлланилади. Бу ўз навбатида миллий парламентимизга юксак масъулият юклайди. Ҳали олдимизда қилиниши лозим бўлган муҳим вазифалар турибди. Мазкур резолюциянинг ташаббускори сифатида уни муваффақиятли адо этишда биз намуна бўлишимиз зарур.
Танзила НОРБОЕВА,
Олий Мажлис Сенати раиси.
ЎзА