Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури доирасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда 2023 йил 23 октябрдан 3 ноябрга қадар Тошкент шаҳрида PV - панеллари ва қуёш иситгичларини ўрнатиш бўйича "Ишга марҳамат" моно-марказлари мутахассис-ўқитувчиларини (электромонтёрлар ва сантехник-чилангарлар) тайёрлаш бўйича тренинглар ўтказмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги 57-сон қарори билан Республика бўйича аҳоли ва юридик шахслар ўртасида қайта тикланувчи энергия технологияларини (хусусан, PV - панеллар ва қуёш коллекторлари) кенг жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Табиийки, бу ишни амалга ошириш алоҳида малакали мутахассисларга бўлган талабнинг ҳам ортишидан далолат беради.
Шу мақсадда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамкорликда «Ишга марҳамат» моно-марказлари ходимларини ўқитишга қарор қилди.
Тренинг-дарслар электрик ва сантехник-чилангар мутахассисликлари бўйича 50% назарий ва 50% амалиётдан иборат бўлиб, 5 кун давом этади.
Мақсад, иштирокчиларга қуёш панеллари ва қуёш коллекторларини ўрнатиш ва хизмат кўрсатиш бўйича асосий кўникмаларни эгаллашга ёрдам беришдан иборат.
Келгусида БМТ Тараққиёт дастури томонидан мономарказлар қуёш панеллари ва қуёш коллекторларининг макетлари билан жиҳозланиши режалаштирилган.
Биринчи тренинг электриклар учун 2023 йил 23-27 октябрь кунлари бўлиб ўтди.
Сантехник-чилангарлар учун белгиланган тренинг 2023 йил 30 октябрдан 3 ноябргача бўлиб ўтади.
Тренинг мавзулари қўйидагилардан иборат:
- қуёш батареяларини лойиҳалаш;
- фотоэлектрик модулларнинг турлари ва ўрнатилиши;
- қайта зарядланувчи батареяларнинг хусусиятлари;
- тармоқли (он-грид), гибрид ва автоном (офф-грид) кучланиш инверторлари;
- қуёш коллекторининг ишлаш тамойиллари;
- электр таъминотига қўйиладиган талаблар ва қуёш коллекторларидан фойдаланиш хавфсизлиги;
- фотоэлектрик тизимлар учун кабеллар, қурилмалар, ва бошқа мавзулар.
Тренинг иштирокчиларикичик- кичик гуруҳларга бўлиниб, билимларни мустаҳкамлаш учун қуёш панеллари объектларида амалиёт ўтайдилар.
Тренинг сўнгида мономарказлар иштирокчилари келгусида мустақил равишда дарс ўтишлари учун барча услубий материаллар (яни тақдимотлар, ўқув дастурлари ва тарқатма материаллар) билан таъминланади.
ЎзА