Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БМТ ва Марказий Осиё: радиоактив материаллар контрабандасига қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорлик кучаймоқда
15:56 / 2024-12-10

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “КОНТАКТ – Марказий Осиё: радиологик ва ядровий материалларнинг ноқонуний айланишини олдини олиш бўйича салоҳиятни ошириш” деб номланган икки йиллик дастури ўз ишини бошлади.

Шу муносабат билан яқинда Италиянинг Турин шаҳрида ўтказилган биринчи минтақавий учрашувнинг аҳамияти ҳақида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси бош мутахассиси, миллий координатор Отабек Қосимов қуйидагиларни маълум қилди:

– Таъкидлаш жоизки, ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллигида ядровий қуролларни тарқатмаслик бўйича халқаро режимга қарши янги ноанъанавий таҳдидлар пайдо бўлган. Улардан энг жиддийлари ядровий материалларнинг ноқонуний савдоси ва ядровий терроризмдир. АҚШда 2001 йил сентябрь ойида содир бўлган терактлар бунинг исботидир.

Ушбу таҳдидларнинг табиати ўхшаш омиллар билан белгиланади. 1960 йилларда ва кейинчалик ядровий портловчи қурилмаларнинг ривожланиши бутун давлатларнинг улкан саъй-ҳаракатларини талаб қилди. Бироқ бугунги кунда бунга илмий-техникавий тараққиёт, билим ва технологияни кенгроқ тарқатиш туфайли эришиш анча осондир.

Ўзбекистон Республикасида ҳам ушбу йўналишда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, радиациявий вазият мониторингининг автоматлаштирилган тизимини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинган. Мазкур қарор билан мамлакатимизда радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш ҳамда радиациявий вазиятни мониторинг қилиш бўйича ягона давлат тизимининг мақсади ва асосий вазифалари, таркиби ва фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексида ядровий, кимёвий, биологик ва оммавий қирғин қуролларининг бошқа турларини, уларни яратишда фойдаланиш мумкин бўлган материаллар ва мосламаларни, радиоактив материалларни, шунга ўхшаш гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда контрабанда қилиш учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур соҳада халқаро ҳамкорлик муҳим роль ўйнайди. Шундан келиб чиқиб, радиоактив материаллар контрабандасига қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “КОНТАКТ – Марказий Осиё: радиологик ва ядровий материалларнинг ноқонуний айланишини олдини олиш бўйича салоҳиятни ошириш” деб номланган икки йиллик дастури ўз ишини бошлади.

Дастурда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари иштирок этмоқда. Мамлакатимизда дастур Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан мувофиқлаштирилмоқда.

Мазкур дастур доирасида жорий йилнинг 2-3 декабрь кунлари Италиянинг Турин шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жиноятчилик ва одил судлов масалалари бўйича Минтақалараро илмий-тадқиқот институтининг штаб квартирасида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тегишли вазирлик ва идораларининг мутахассислари иштирокида биринчи минтақавий учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Божхона қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси мутахассислари иштирок этди.

Тадбир давомида ЮНИКРИ вакиллари лойиҳа юзасидан маълумот берди. Унга кўра, лойиҳа давлат хавфсизлик органлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари радиоактив ва ядровий материаллар бўйича ноқонуний савдога уринишларнинг олдини олишга қаратилган оператив тадбирларни ўтказиш бўйича салоҳиятни ошириш, барқарор кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш, тренерларнинг машғулотларни ўтказиш қобилиятини ошириш, ядро қуроллар ва радиоактив моддаларнинг ноқонуний айланишини текшириш масалаларда минтақавий ҳамкорлик ва алоқаларни ривожлантиришга қаратилган.

КОНТАКТ лойиҳаси Norway DSA (Норвегиянинг Радиация хавфсизлиги агентлиги) томонидан молиялаштирилмоқда. Лойиҳа 2024-2026 йилларга мўлжалланган.

2024 йилда лойиҳага асосан устувор йўналишларни ва эҳтиёжларни аниқлаш, тегишли вазирлик ва идоралар билан учрашувлар ҳамда иккита давлатнинг ҳисоботларини тузиш кўзда тутилган. Бўлиб ўтган минтақавий учрашув ҳам ана шундай вазифалардан биридир. Шунингдек, КОНТАКТ лойиҳаси бўйича 2025 йилда бир қатор муҳим тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Мухтасар айтганда, радиоактив материаллар контрабандасига қарши курашиш глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги ҳамкорлик нафақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг салоҳиятини оширишга, балки минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳам қаратилган. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан амалга оширилаётган “КОНТАКТ” лойиҳаси радиологик ва ядровий материалларнинг ноқонуний айланишининг олдини олишда муҳим қадам бўлиб, минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга катта ҳисса қўшади.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.