French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БМТ тузилмаларидаги учрашувлар тўғрисида
21:01 / 2020-07-21

Гада Вали коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.


Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов Вена шаҳрида БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (ГМЖҚКБ) ижрочи директори Гада Вали, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (ИАЭА) Бош директори Рафаэл Гросси ва БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти (УНИДО) бош директори Ли Ёнг билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилган.

БМТ вакиллари Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларга ижобий баҳо бердилар. Мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес ҳамда саноат секторини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш шароити ёмонлашувига йўл қўймаслик, шунингдек, СОVID-19 пандемияси даврида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар алоҳида қайд этилди.

Гада Вали коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганини олқишлади ва тузилма фаолиятида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Томонлар Ўзбекистон ва БМТ ГМЖҚКБ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Тузилма раҳбари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ ГМЖҚКБ ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш ва ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш, лойиҳаларни тадбиқ этишга донорлик маблағларини йўналтириш мақсадида республикада халқаро стандартларга мувофиқ коррупцияга қарши кураш сиёсати ва стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш бўйича Концептуал қайднома тайёрлашни таклиф қилди.

ИАЭА томонидан Ўзбекистон ядровий инфратузилмасини ривожлантиришдаги муваффақиятли ҳамкорлик, хусусан, жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган республиканинг ядровий инфратузилмасини комплекс баҳолаш бўйича миссияга биргаликда тайёргарлик кўришга келишилди.

Агентлик раҳбари Рафаэл Гросси Ўзбекистон ядро дастурининг амалга оширишилиши жараёнидан жуда мамнунлиги ҳамда янги ядро давлатлари учун Ўзбекистон ИАЭА билан муносабатларни қуриш бўйича намуна эканини эътироф этди.

ИАЭА раҳбари техник кооперация лойиҳалари доирасида Ўзбекистон билан, хусусан Наманган онкологик диспансери, Республика эндокринология маркази, Самарқанд давлат университети ва Тошкент шаҳри онкология ва радиология маркази билан ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлади.

УНИДО Ўзбекистонни минтақадаги улкан ресурс, иқтисодий ва инсоний салоҳиятга эга муҳим давлат сифатида кўради. Шу муносабат билан Ли Ёнг республикада мустаҳкам саноат инфратузилмаси, универсал ва барқарор саноатлаштиришни таъминлаш учун шароитлар яратилганлигини мамнуният билан қайд этди.

Бош директор коронавирус пандемиясидан зиён кўрган республика иқтисодиётининг айрим тармоқларини тиклаш учун УНИДО салоҳиятини жалб қилишга ёрдам беришга тайёрлигини изҳор этди.

Саноатда «тоза инновация» ва «яшил» технологиялар соҳасидаги аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди, бу барқарор саноат дизайни ва брендлаш воситаларини ривожлантириш учун шароит яратиши айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқадиган Ўзбекистон ва УНИДО ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича Қўшма декларация ва 2020-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» лойиҳаларини тайёрлаш жараёни муҳокама қилинди.