ТАСС агентлиги ёзишича, февраль ойида Туркияда юз берган ҳалокатли зилзила мамлакатга 100 миллиард доллар миқдорида зиён келтирди, деган БМТнинг Туркиядаги тараққиёт дастури вакили Луиза Винтон.
«Ҳукуматнинг ва халқаро ҳамкорларнинг бугунги кунгача олиб борган ҳисоб-китобларига кўра, зилзиладан кўрилган зарар мамлакат учун 100 миллиард долларга баҳоланмоқда», – деди Винтон Газиантепдан видеоалоқага чиққанида.
Винтон энг ачинарли вазият Хатай вилоятида эканини маълум қилди. Чунки бу ерда юз минглаб уйлар вайронага айланган. «Талаб катта, лекин захира жуда оз», – дея қўшимча қилган у.
Аввалроқ Жаҳон банки Туркия иқтисодиёти зилзила оқибатида 34,2 миллиард доллар зарар кўрганини маълум қилган эди. Оқибатларни тугатиш ва қайта тиклаш ишлари Туркия учун янада қимматга айланиши мумкин.
6 февраль куни Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятида 7,7 ва 7,6 магнитудали икки марта ер силкинди. Зилзила зарби Туркиянинг яна 10 та вилоятида ҳамда қўшни мамлакатлар, жумладан, Сурия ҳудудида ҳам сезилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат қурбонлари 46 минг кишидан ошган.