Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“БМТ тамойиллари ҳеч қачон бу қадар ҳужум остида қолмаган” – Фаластин масаласидаги сессия
20:59 / 2025-09-23

Нью-Йорк шаҳридаги БМТ қароргоҳида навбатдаги глобал аҳамиятга молик воқелик – “Фаластин масаласини тинч йўл билан ҳал қилиш ва икки давлатли ечимни амалга ошириш” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Йиғилишда чиқиш қилган Бош котиб Антониу Гутерриш Ғазо, Украина, Судан ва дунёнинг бошқа ҳудудларида тинчлик ва халқаро ҳуқуқ бузилаётганини таъкидлади:

– БМТ ташкил этилганига 80 йил тўлганига қарамай, ташкилот тамойиллари ҳозирги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўп ҳужумга учраяпти. Уруш даҳшатини бошдан кечирган тузилма асосчилари тинчлик учун энг жасур, амалий ва зарур йўлни танлаб, БМТни яратган эди. Бу ҳақиқатан беназир қадам бўлган, бироқ халқаро ҳуқуқ ва оддий аҳоли ҳуқуқи барибир бузилмоқда.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги силжиш секинлашган, қашшоқлик ва очлик ўсган, иқлим инқирози чуқурлашган. Дунё кўп қутблиликка қараб ҳаракатланмоқда. Бу ўз навбатида янги хавф-хатарларни келтириб чиқармоқда. Шу боис БМТни нафақат ҳимоя қилиш, балки мустаҳкамлаш зарур.

Фаластин масаласи – давлат тузиш ҳуқуқи

Антониу Гутерриш таъкидлашича, Фаластин давлати яратилиши имконият эмас, балки ҳуқуқдир. У АҚШ Фаластин делегациясига виза беришни рад этганидан афсус билдирди:

– Хом хаёлга берилиб бўлмайди. Исроил – Фаластин низосини авлодлар ҳал қилолмаяпти. Мулоқот тўхтаган, қарорлар эътиборсиз қолган. Бу халқаро ҳуқуқ бузилганидан далолат. Мамлакатдаги вазият тоқат қилиб бўлмайдиган даражада ва ҳар соат ёмонлашиб боряпти.

Бу ҳалокатдан чиқишнинг ягона йўлини танлаш учун тўпландик: икки давлатли ечим. Яъни, Исроил ва Фаластин икки мустақил, суверен ва демократик давлат сифатида хавфсиз ва тинч яшаши зарур.

Ғазода фавқулодда ва узлуксиз ўт очишни тўхтатишга чақираман. Ҳеч нима Фаластин халқини жамоавий жазолаш, Ғазони тизимли равишда вайрон қилиш, бегуноҳ аҳолини очликка маҳкум этиш, асосан аёллар ва болалардан иборат ўн минглаб оддий фуқаро ҳамда юзлаб гуманитар ходимни ўлдиришни оқлай олмайди.

Ғарбий соҳилдаги воқеалар икки давлатли ечим мавжудлигига таҳдид солмоқда. Қишлоқлар доимий кенгайиши, янги ҳудудларни эгаллаш хавфи, зўравонлик кучайишини дарҳол тўхтатиш зарур.

Халқаро конференцияда Франция, Туркия ва бошқа қатор мамлакатлар етакчилари нутқ сўзлаб, мазкур вазиятни бартараф этишга қаратилган фикрларни илгари сурди.

Жумладан, Президент Эммануэль Макрон Франция Фаластинни расман давлат сифатида тан олганини эълон қилди.

– Бу қарор икки мамлакат халқлари ўртасида тинчлик ўрнатилиши учун қабул қилинмоқда, – деди Макрон.

Франция етакчиси ҲАМАС томонидан асирга олинган гаровдагилар, Ғазо секторидаги Исроил ҳарбий амалиёти мавзуларига ҳам тўхталди. Қайд этилишича, “ҲАМАС қўлида сақланаётган 48 нафар гаровдагиларни озод қилиш, Ғазодаги уруш ва бомбардимон, оммавий қирғин ва аҳоли мажбурий кўчирилишини тугатиш вақти келган”.

Туркия етакчиси Режеп Таййип Эрдоған Фаластин давлатини тан олиш ҳақида қарор қабул қилган давлатларни табриклади. Сўнгги икки йил давомида Исроил ҳужуми кучайиши туфайли минтақа улкан гуманитар фалокатни бошидан кечираётганига урғу берди:

Бугун Фаластин иши бутун дунё ишига айланди. Ушбу йиғилиш ҳам фикримнинг исботи. Европа, Осиё, Америка ва Африкада кўчаларда, ижтимоий тармоқда, матбуотда “Озод Фаластин” деган чақириқлар ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эшитилмоқда. Бу зиддият ҳеч кимнинг эътиборидан четда эмас.

Йиғилишда Бельгия Бош вазири Барт Де Вевер, шунингдек Монако, Мальта ва Люксембург раҳбарлари ҳам Фаластинни давлат сифатида тан олганини эълон қилди.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА