Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш навбатдаги дам олиш кунларига мўлжалланган G20 - «Катта йигирмалик» мамлакатлари етакчилари виртуал саммити иштирокчиларига жаҳон иқтисодиётини сақлаб қолишларини сўраб, ёзма мурожаат йўллади.
Ушбу чақириқ-мактубда жаҳоннинг энг қудратли давлатлари раҳбарларидан ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш, глобал инқирозга юз келмаслик чораларини кўриш ва Барқарор ривожланиш мақсадлари шартларини бажариш сўралган. Бу ҳақда БМТ янгиликлари сайти хабар берди.
БМТ Бош котибининг фикрича, «глобал рецессия глобал депрессияга айланиб кетмаслиги» учун лозим бўлган барча кескин чора-тадбирлар кўрилиши шарт. Шунингдек, мурожаатда Гутерриш, айниқса, ҳозир пандемия туфайли юзага келган фавқулодда ҳолатни енгиб ўтиш учун етакчи арбоблар кучларни бирлаштириши, ҳамкорликда иқтисодиётни барқарорлаштириши зарурлигини таъкидлаган.
«Йигирмалик гуруҳи» – юқори тараққиётга, ривожланган иқтисодиётга эга давлатлар ҳукуматлари ва марказий банклари раҳбарлари клуби. Тузилмага аъзо давлатлар биргаликда жаҳон ялпи миллий маҳсулотининг 85 фоизини, ер юзидаги савдо айланмасининг 75 фоизини таъминлаб беради.
Мактубда инқироз ҳолатидан чиқиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Кун тартиби ва Иқлим бўйича Париж битимини инобатга олган ҳолда олиб борилиши лозимлиги ҳам қайд этилган.