Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БМТ Қобулда мактабга қилинган ҳужумни қаттиқ қоралади
13:55 / 2021-05-10

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва ташкилотнинг Болалар фонди (ЮНИСEФ) ижрочи директори Генриетта Фор 8 май куни Афғонистон пойтахтида ўрта мактаб олдида уюштирилган қўпорувчилик ҳаракатини кескин қоралади, деб хабар берди БМТ матбуот хизмати.

Ушбу теракт оқибатида 55 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

«Мактабларда ва уларнинг ёнида қўпорувчиликка йўл қўйиб бўлмайди, -  деди ЮНИСEФ раҳбари. Мактаблар болалар таълим оладиган ва ўйнайдиган хавфсиз жой бўлиши лозим».

Портлаш ўқувчилар мактабни тарк этаётган чоғда содир этилган. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти иккинчи сменада ўқиётган қизлар бўлган.

Генриетта Фор можарода иштирок этаётган томонларни инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро нормаларга ҳамда гуманитар ҳуқуқларга амал қилишга, болаларни ҳимоя қилишга ва хавфсизлигини таъминлашга чақирган.

«Болалар ҳеч қачон зўравонликка маҳкум қилинмаслиги лозим», - деди ЮНИСEФ вакили.

БМТ Бош котиби вафот этганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва жароҳат олганларга тезроқ тузалиб кетишини тилади. Гутерришнинг таъкидлашича, ушбу жиноятнинг айбдорлари албатта топилиши ва жавобгарликка тортилиши шарт.

Хабарда таъкидланишича портлаш Қобулнинг ғарбида Дашт-э-Барчи туманидаги мактабларнинг бирида содир этилган.

Reuters агентлигининг хавфсизлик хизмати берган маълумотга таяниб ёзишича, портлаш оқибатида камида 55 киши ҳалок бўлган, 150 киши жароҳат олган.

Хабарда таъкидланишича, қизлар мактаби ёнида миналаштирилган машина портлатилган.

Афғонистон ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги ўқувчилар бўлган.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ушбу ҳодисани террорчилик ҳаракати, деб баҳолади ва фожиа учун «Толибон» ҳаракати жангарилари айбдор, деди. Аммо «Толибон» ҳаракати вакиллари ҳам ушбу хунрезликни қоралаган. Ҳозирча мактабга уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир ташкилот ўз зиммасига олмаяпти.