French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БМТ ни ислоҳ қилиш вақти келдими?
08:00 / 2024-10-24

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) — дунёда тинчликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган халқаро ташкилот ҳисобланади. 1945 йил 26 июнда қабул қилинган БМТ низоми ўша йили 24 октябрь санасида кучга кирган. Кейинчалик Бош ассамблеянинг 1948 йилдаги резолюцияси билан мазкур кун ташкилот томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни сифатида нишонланиши белгиланди. 1971 йилда эса Бош ассамблея ўз резолюциясида аъзо давлатларга 24 октябрни байрам сифатида нишонлашни тавсия қилади. Шу билан мазкур сана халқаро байрамга айланди. Бу йил ташкилот ташкил этилганига 79 йил бўлди.

Шу муносабат билан ЎзА мухбири Тошкент давлат Шарқшунослик университети халқаро муносабатлар кафедраси доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Ҳилола Мустапова билан суҳбатлашди.

– Дастлаб БМТнинг таркибий тузилмаси ва дунёга таъсири ҳақида гапириб берсангиз?

БМТ тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уни ташкил этиш ҳақидаги қарор АҚШ, Бирлашган Қироллик, Хитой ва Совет Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги кенгашида 1943 йилда қабул қилинди. БМТ Низомига дастлаб 51 давлат имзо чеккан. Бугунги кунда 200 га яқин давлат БМТга аъзо ҳисобланади.  

БМТ Низомида кўрсатилганидек, халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенг ҳуқуқли бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида ҳамкорлик бўлишини таъминлайди. 

 БМТ таркибида Бош Ассамблея, Хавфсизлик Кенгаши, Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш, Халқаро Суд, БМТ Котибияти каби бир қатор йирик тузилма – асосий органлар фаолият олиб боради. Шунингдек муайян дастурлар ишлайди. Ташкилот ҳар бир аъзо давлат манфаатини эътиборга олишга ҳаракат қилади. Ҳал қилувчи қарорлар АҚШ, Россия, Хитой, Франция ва Буюк Британия доимий аъзолар ҳисобланган Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинади. Ушбу давлатларга муайян лойиҳага вето қўйиш ҳуқуқи берилган.

БМТ жаҳон сиёсатида кенг кўламли таъсирга эга. Масалан, ҳарбий можарони бартараф этиш, иқтисодий ва экологик инқирозни юмшатиш, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишга йўналтирилган ташаббусларни илгари суради. Тизимдаги ташкилотлар, жумладан Болалар жамғармаси (UNICEF) ёки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) дунё миқёсида бир қатор муҳим ижтимоий, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ дастурларни амалга оширади ва қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ва уларнинг халқаро аҳамиятига тўхталсангиз?

Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлган. Шу куни БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи баланд кўтарилди. 1993 йил 24 августда БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди. БМТда Ўзбекистон Республикаси ваколатхонаси иш бошлади. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти — ЮНEСКОга ҳам аъзо бўлди.  Ўзбекистон сўнгги йилларда БМТ доирасида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Жумладан, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, экология муаммоларига қарши кураш, Марказий Осиёда тинчликни таъминлашга қаратилган  ҳамкорлик лойиҳалари халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, Орол муаммосига эътибор қаратиш, сув ресурсларини асраш ва қайта тиклаш, минтақамиз давлатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, барқарорликни сақлаш, халқаро терроризмга қарши кураш, ёшлар сиёсати, иқтисодий барқарорлик ва Марказий Осиё интеграцияси бўйича ташаббуслар глобал миқёсда эътироф этиляпти. Ўзбекистоннинг бу борадаги фаоллиги минтақадаги барқарорлик, халқаро ҳамжамият билан муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари БМТ доирасида минтақамиз ёшларини қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш, хусусан “Марказий Осиё ёшлари кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш таклифини билдирди. Бош котибнинг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлаш, минтақада сув тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва амалиётга татбиқ қилиш масаласини ҳам илгари сурди.

Президентимиз илгари сурган  “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдиди қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш, Самарқандда халқаро иқлим форумини ўтказиш, жаҳон миқёсида ҳамжиҳатлик ғоясини кенг тарғиб этиш мақсадида юртимизда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш таклифи глобал муҳокамага қўйилиб, қўллаб-қувватланди.

Интернет саҳифаларида БМТ ўз вазифасини бажармаётгани, уруш ва можароларни бартараф этишда БМТнинг роли сезилмаётгани ҳақида турли фикрлар кўпаймоқда. Буни дунёда турли низолар, урушлар авж олаётгани билан изоҳлаш мумкин. Сиёсатшунос сифатида БМТни ислоҳ қилиш масаласига қандай қарайсиз?

 Бугунги кунга келиб глобал хавфсизлик институтлари фаолиятида муаммолар, хусусан, халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш тез-тез кузатилмоқда. Геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация эркин алмашинуви йўлида янги тўсиқлар вужудга келмоқда. Ҳатто, иқлим ўзгариши, очлик ва тенгсизликка қарши кураш сингари бутун башарият тақдирига дахлдор масалаларда ҳам ўзаро мулоқот издан чиққани сезилмоқда. Бу ҳолатлар кенг кўламли кескинлик ортишига сабаб бўлмоқда. Жаҳон ҳамжамияти эса БМТ кўпинча зудлик билан самарали чоралар кўра олмаётганидан норози.

Масалан, Яқин Шарқ, Украина ва бошқа бир неча ҳудудларда узоқ давом этаётган ҳарбий можаролар, айниқса Фаластин – Исроил зиддияти каби қатор минтақавий низолар бартараф этилмаётгани БМТнинг  иш самарадорлигига нисбатан шубҳани кучайтирди.

Менимча, БМТни ислоҳ қилиш учун, биринчи навбатда, Хавфсизлик Кенгаши фаолиятини ислоҳ қилиш зарур. БМТ ХК таркиби ва вето ҳуқуқи тизими кўп танқид остига олинади. Доимий аъзоларнинг вето ҳуқуқини қайта кўриб чиқиш ёки Кенгашга янги доимий аъзоларни қўшиш тузилманинг янада демократик ва самарали ишлашига ёрдам бериши мумкин.

Қолаверса, тезкор ва қатъий чоралар кўриш механизмини яратиш лозим. Зеро, жаҳон ҳамжамияти БМТдан муайян можаро зудлик билан ҳал қилинишини кутади. Қолаверса, инсонлар ҳуқуқи ишончли, ўз вақтида муҳофаза қилиниши учун аниқ ва самарали усулларни ишлаб чиқиш йўлидаги саъй-ҳаракатни кучайтириш шарт. Инсон ҳуқуқини чеклаётган мамлакатларга нисбатан халқаро миқёсда самарали санкция жорий этилиши лозим.

Бундай ислоҳотлар БМТга нисбатан ишончни тиклаш, тузилманинг дунё тинчлиги ва барқарорлигига қўшаётган ҳиссасини ошириш имконини беради.

ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.