Бирлашган Миллатлар Ташкилоти АҚШнинг кечиктирилган бадаллари бўйича аниқ жадвал ва сумма ҳали ҳам номаълум эканини билдирди.
Ўтган ҳафта Вашингтон “яқин кунларда” дастлабки тўлов амалга оширилишини ваъда қилган бўлсада, БМТ ҳозирча аниқ натижа кўрмаётганини қайд этган.
Ташкилот матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг айтишича, молия бўлими Қўшма Штатлар томони билан алоқада бўлиб турибди. Бу ноаниқлик фонида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш январь охирида тузилмага аъзо давлатларни огоҳлантириб, молиявий ҳолат “яқин орада қулаш хавфи” остида қолаётганини таъкидлаган эди.

БМТ расмийларига кўра, тўланмаган бадалларнинг 95 фоиздан ортиғи айнан АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Вашингтон умумий ҳисобда 2,19 миллиард доллар, яна 2,4 миллиард доллар тинчликпарвар миссиялар учун ва ўнлаб миллион доллар трибунал харажатлари учун қарздор.
Қўшма Штатларнинг БМТдаги элчиси Майк Уолц “Reuters”га берган изоҳида дастлабки тўлов “сезиларли миқдорда” бўлишини айтган, бироқ якуний сумма ҳали ҳал этилмаганини тан олган. Тўловлар эски қарзларни ёпиш билан бирга, АҚШ талаб қилаётган ислоҳотлар билан ҳам боғланиши мумкин.
Ҳозирча эса вазият шундай: йил бошидан буён БМТнинг 193 аъзосидан атиги 55 таси ўз бадалларини тўлиқ тўлаган. Энг йирик қарздорнинг ноаниқ позицияси эса ташкилотнинг молиявий барқарорлиги борасида саволларни юзага келтирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА