Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БМТ минбаридаги илғор ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос позициясини намоён этмоқда
15:56 / 2025-09-24

Муносабат

Айни кунларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи, БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида иштироки ва нутқи ҳамда қатор расмий учрашув ва мулоқотлари кенг жамоатчилик эътиборидаги долзарб аҳамиятга эга масалалардан бири бўлиб турибди. Мазкур тарихий нутқда илгари сурилган ташаббуслар, ташриф доирасида эришилган келишувларнинг аҳамияти юзасидан кўплаб муносабат ва фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. 

Баҳора Аҳмедова,

 Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи:

– Шу кунларда юртимиз етакчисининг АҚШга ташрифи, Ўзбекистон лидерининг ўзгача ҳурмат билан кутиб олиниши, АҚШ Президентининг Шавкат Мирзиёев ҳақидаги фикрлари, юксак эътирофлари, ўтказилган расмий учрашувлар, самарали келишувлар, музокаралар, жаҳоннинг нуфузли ОАВдаги чиқишлар ва албатта, БМТ минбарида янграган нутқни барча ватандошларим қатори мен ҳам чексиз ғурур ва фахр билан кузатдим. Айтиш керакки, ушбу тарихий воқелик дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаётган, илғор ташаббуслари билан эътибор ва эътирофга сазовор бўлаётган Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини, ўзига хос позициясини намоён этмоқда.     

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон ҳамжамияти учун ниҳоятда муҳим ва аҳамияти юқори. Билдирилган ҳар бир фикр, ғоя, ташаббусда, аввало, инсон, унинг қадри, манфаати устуворлик қилади. Илгари сурилган таклифлар барчани бирдамликка чорлаш, тинчликни сақлаш, халқаро миқёсдаги муаммоларга ҳамжиҳатликда адолатли ечимлар топиш, халқаро масалаларда мулоқот платформаларини яратишга қаратилгани билан эътиборли. 

Президентимиз сўзи аввалида Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этишда  очиқ ва прагматик сиёсат олиб борилаётганини, бу борада ортга қайтмас ислоҳотлар амалга оширилаётганини, энг асосий мақсад инсон қадри ва фаровонлигини ошириш эканини қайд этди. Барча соҳа ва йўналишда қилинган ишлар, янгилик ва ўзгаришларни аниқ рақамларда келтириб ўтди. 

Яна бир муҳим жиҳат: нутқда бугун Марказий Осиё тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айланиб бораётгани эътироф этилди. Бу эса албатта, халқаро муносабатлар тизимида минтақанинг алоҳида субъект сифатида мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлайди. 

Давлатимиз раҳбари ёшлар масаласига ҳам тўхталиб, ўғил-қизларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини илгари сурди.

Юксак фахр билан айтаманки, сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маънавий залвори юқори ушбу нутқ ҳар биримизнинг фуқаролик позициямизни, эртанги кунга ишончимизни оширишга, “Ўзбекистонлик” эканимиздан чексиз ифтихор туюшимизга ва албатта, Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи юксалишига хизмат қилади.

Бекзод Абдиримов,

 Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи давомида нуфузли компаниялар билан эришилган келишувлари бутун дунё жамоатчилиги эътиборини тортди. Айниқса, Boeing компанияси билан 20 та энг сўнги русумдаги дримлайнерни ҳарид қилиш бўйича амалга оширган келишуви дунёни ҳайратга солди. Бу ҳайратни АҚШ Президентининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси ва жаҳоннинг энг машҳур нашрлари бош саҳифаларидан жой олган мақола ва муносабатларидан ҳам билишимиз мумкин.

Ҳақиқатдан ҳам бу оламшумул янгилик бўлди. Чунки компания ўтган 2024 йил давомида 51 та шундай русумдаги самолётни харидорларига етказиб берган. Шундай ҳолатда Ўзбекистон етакчисининг 20 та самолётни харид қилишга қилган қарори нафақат ушбу компания, балки жаҳон туризмида етакчилик қилаётган давлатлар, компанияларни ҳам сергак торттириши табиий. Нимага деганда 20 та дримлайнер кунига 3 та халқаро парвозни амалга оширса ва ҳар бир рейсда 400 нафар йўловчи бўлган тақдирда, бир йилда 9-10 млн.га яқин йўловчини ташиш имконини беради. Бу эса жаҳон туризмида йилдан-йилга барқарор ўсишда давом этаётган Янги Ўзбекистоннинг қандай маррани кўзлаганидан далолат беради.

Шунингдек, ҳозирда юртимизда мавжуд бўлган 7 та дримлайнер ва шу русумдаги 20 та самолёт билан дунёдаги дримлайнерларга эга давлатлар ичида Ўзбекистон ҳаво флоти дунёда 13-14-ўринларни банд қилиши мумкин бўлади. Аслида гап бу рейтинг ёки ҳисоб-китобларда эмас, балки фавқулодда бой туризм ресурсларимиздан фойдаланиш имкониятини беради. Бу ресурслардан самарали фойдаланиш эса фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дадил қадам бўлади. 

Муҳтарама Комилова тайёрлади, ЎзА