Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ва тузилманинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе Наманганда ўтказилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” мавзусидаги III халқаро форумда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган эди.
Ташриф доирасида Каха Имнадзе “Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида ҳамкорлик орқали умумий фаровонлик”да иштирок этаётган уй хўжаликлари лойиҳаси билан танишди. Мазкур қўшма лойиҳа БМТ Бош котибининг Тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштирилган.

– Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик инсонлар ва жамоалар ҳаётида аниқ ютуқларга олиб келаётганига гувоҳ бўлдим, – деди Каха Имнадзе. – Илғор қишлоқ хўжалиги амалиётлари жорий этилиб, турмуш шароити яхшиланган ва чегарадош ҳудудларда ҳамкорлик кучайган.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, ушбу ташаббус Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарадош ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, маҳаллий ҳокимият органлари, фуқаролик жамияти ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, шунингдек, аёллар ва ёшлар учун янги имконият яратишга қаратилган.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА