Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БМТ махсус вакили Бишкекда
13:27 / 2023-08-27

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича янги тайинланган махсус вакили Каха Имнадзе Бишкек шаҳрида Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев билан учрашди.

Шу кунларда Имнадзенинг минтақа бўйлаб сафари давом этяпти.

Қирғизистон ташқи сиёсати дораси хабарига кўра, Кулубаев янги тайинланган вакилни ушбу юқори лавозимга киришгани билан табриклаб, минтақавий марказнинг ташаббуслари ва самарали фаолияти Марказий Осиё давлатларида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадига хизмат қилади, дея ишонч билдирди.

Мулоқот чоғида томонлар минтақавий марказ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги, жумладан, терроризм ва гиёҳвандликка қарши кураш, сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек Афғонистондаги вазиятни ўнглаш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилишди.

Вазир БМТ Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбариятини мавжуд ваколатлари доирасида тегишли равишда янада фаол иш олиб бориш, хавфсизликка нисбатан хавф-хатар ва таҳдидларга қарши туришда Марказий Осиё мамлакатларига кўмаклашишга чақирди.

Қайд қилинишича, Каха Имнадзе Марказ ва Қирғизистон ўртасидаги кўп йиллик шерикликни, мамлакат томонидан тузилманинг барча ташаббуслари қўллаб-қувватланаётганини, Марказий Осиё давлатлари орасида мулоқот майдонларини шакллантиришида Қирғизистон фаол иштирок этаётганини ижобий баҳолади.

Ғ.Хонназаров, ЎзА