Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқи бўйича Олий комиссари матбуот котиби Тамин Ал-Ҳитон айтишича, 2024 йил ноябрь ойида Ливандаги сулҳ кучга киргандан бери Исроил армияси ҳужуми оқибатида камида 127 нафар бегуноҳ аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Ливан ва Исроил ўртасида сулҳ тузилганига қарийб бир йил бўлганини эслатган Ал-Ҳитон ҳужумлар сони кўпайиб, оддий одамлар ўлими ва жароҳатланиши ҳолатлари тўхтамаётганига эътибор қаратди.
Саида шаҳри яқинида фаластинлик қочқинлар учун ташкил этилган Айн Ал-Ҳилва қўналғасига қилинган охирги ва энг қонли ҳужум оқибатида 13 киши, жумладан 11 бола ҳаётдан кўз юмган, камида 6 нафар инсон яраланган.
- Ушбу ҳужум натижасида қайд этилган барча ўлим ҳолатлари тинч аҳоли вакиллари ҳаёти билан боғлиқ, - деди матбуот котиби. - Вазият Исроил ҳужуми ҳарбий ҳаракатга оид халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойили бузилган бўлиши мумкинлигидан жиддий хавотир уйғотади. Ливанга ҳужум бегуноҳ фуқаролар ўлими ва жароҳатланиши, шунингдек фуқаролик инфратузилмаси, жумладан уй ва йўллар вайрон бўлишига олиб келган. Ҳарбий ҳаракат қайта қуриш ва кўчирилганларни мамлакат жанубидаги уйларига қайтариш жараёнига жиддий тўсқинлик қиляпти. Ҳудудда яшовчи 64 000 дан ортиқ ливанлик уйини ташлаб кетмоқда. Исроил қайтаётган аҳоли йўлини тўсиш учун 4000 метр узунликдаги девор қура бошлади. Бу халқнинг ўз ерига қайтиш ҳуқуқига зид. Барча ички кўчирилганлар ўз уйларига қайтиш имконига эга бўлиши лозим. Уларнинг тикланишига қаршилик қилиш мумкин эмас. Аксинча оддий одамларни қўллаб-қувватлаш зарур.
Г.Сатторова, ЎзА