БМТ Бош қароргоҳида «БМТнинг Ёшлар стратегияси: Ёшлар 2030 ва барқарор ривожланиш учун ўн йиллик фаолият ва ютуқлар нигоҳида» мавзуида онлайн форум бўлиб ўтди.
Барқарор ривожланиш мақсадларини ёшлар иштирокида амалга оширишга қаратилган БМТ ижтимоий ва иқтисодий кенгашининг ўнинчи ёшлар форумида ташкилотга аъзо мамлакатлар делегациялари, миллий ёшлар кенгашлари раҳбарлари, минтақавий ёшлар тармоқлари ва тузилмалари вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятлари вакиллари иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, бугунги кунда ёшлар дуч келаётган глобал муаммолар тўғрисида маъруза қилди.
Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган БМТ доирасида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга кўмаклашиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги билдирилди.
– Ёш авлоднинг келажакка бўлган умиди Ўзбекистоннинг келгусида ривожланиши учун асосдир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон «БМТ Ёшлари стратегияси – 2030» тезкор ривожланиш мамлакати, деб эътироф этилганлигини юқори баҳолайди, – деди Алишер Саъдуллаев.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА