БМТ Гуманитар ишларни мувофиқлаштириш идораси маълумотига кўра, 2025 йил Исроил кучлари ва кўчиб келган исролликлар томонидан ўлдирилган фаластинликларнинг тўртдан бир қисми болалар. 1100 мартадан кўп уюштирилган ҳужум натижасида кузатилган ўлим сони тахминан 240 та.
– Йил бошидан бери ҳалок бўлган жами 238 фаластинликнинг 56 нафари ёки 24 фоизи бола, – дейилган идора тарқатган матбуот баёнотида. – Фақат сўнгги икки ҳафта ичида тўрт нафар фаластинлик бола ҳаётдан кўз юмди, кўчиб келган исроилликлар томонидан амалга оширилган 46 ҳужум ҳужжатлаштирилди. Бу ҳаракатлар қурбонлар ва мулкий зарарга олиб келди.
2025 йилгача Ғарбий соҳилда 270 дан кўп жойда қурбон берилиши ёки мулкка зарар етказилиши, 1770 га яқин ҳужум уюштирилиши қайд этилган. 65 фоиз шундай ҳолат Рамаллоҳ, Наблус ва Хеврон музофотларида содир бўлган.
Тўсиқ девордан ўтишга уриниш чоғи жароҳатланган фаластинликларнинг ўртача миқдори сўнгги уч ой ичида икки баробар ошгани таъкидланган. 2023 йил октябрда яҳудий ҳукумати фаластинлик ишчилар ва бошқа фуқаролар Шарқий Қуддус ва Исроилга киришини бекор қилган. Шундан бери тўсиқ девордан ўтишга уринган 14 фаластинлик ҳалок бўлган, 224 киши жароҳатланган.
Ғазо соғлиқни сақлаш идораси маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бери Исроил ҳарбий ҳаракати туфайли ҳудудда ҳалок бўлганлар сони 70 000 дан ошган.
Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги сулҳ битими ўтган йил 10 октябрдан кучга кирди. Келишувнинг бир қисми сифатида ҲАМАС секторда гаровда ушлаб турилган 20 нафар исроилликни озод қилди. Бунга жавобан Исроил умрбод қамоқ жазосини ўтаётганларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, тахминан 2000 нафар фаластинлик маҳбусни қўйиб юборди.
С.Раҳимов, ЎзА