БМТ Хавфсизлик кенгаши “Толибон” ҳукуматини аёлларни камситишни тўхтатишга чақирди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши “Толибон” ҳукуматини Афғонистондаги турмушнинг барча жабҳаларида аёлларнинг “тўлиқ, тенг ва мазмунли” иштирокини таъминлашга чақирди. Бу ҳақда халқаро ташкилотнинг матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ муваққат ҳукумат университетларда ўқиш ва нодавлат ташкилотларда аёлларнинг ишлашини таъқиқлаган эди.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг барча 15 аъзоси консенсус равишда қабул қилган баёнотда айтилишича, “Толибон” қарорлари “инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурмат эрозиясининг кучайиб бораётганидан далолат беради”.
Хусусан, аёлларнинг нодавлат ташкилотларида ишлашини таъқиқлаш Афғонистондаги “гуманитар амалларга сезиларли ва тезкор таъсир кўрсатади”.
“Ушбу чекловлар “Толибон”нинг афғон халқи олдидаги мажбуриятларига, шунингдек, халқаро ҳамжамият кутган хайрли амалларга зиддир”, дейилади хабарда.
ЎзА