“Халқаро минбар” лойиҳасида “The Jordan Times” мухбири, иорданиялик журналист Ҳани Ҳазиманинг “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазода: Муассаса яроқсиз ҳолга келди(ми?)” сарлавҳали мақоласи тақдим этилади.
Ғазода давом этаётган урушда 61 000 дан кўп фаластинлик ҳалок бўлди. Уларнинг аксарияти аёллар ва болалар. 110 000 дан ортиқ одам жароҳатланган, 14 000 дан зиёд инсон бедарак ёки ўлган, дея тахмин қилинмоқда.
Сектордаги бутун-бутун маҳаллалар, касалхона ва мактаблар, БМТ бошпаналари вайрон қилинган. Бунга жавобан БМТ нима қилди? Баёнотлар эълон қилди, учрашувлар ўтказди, матбуот хабарномалари чоп этди.
Халқаро ҳамжамият бегуноҳ аҳоли мунтазам равишда ҳужумга учраётганига гувоҳ. Исроил кучлари яраланган болалар шошилинч терапия бўлимларида даволанаётган шифохоналарни нишонга олмоқда. Журналистлар ва ёрдам ходимлари ўқ ёмғири остида қолмоқда. БМТ таркибидаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) объектлари – мактаб, клиника ва омборларга, Исроил томони мувофиқлаштирувчилари огоҳлантирилганига қарамай, кўплаб зарбалар берилган. 2023 йил 7 октябрдан бери БМТнинг 180 дан ортиқ ходими ҳаётдан кўз юмди. Бу ташкилот тарихидаги ҳар қандай можарода ҳалок бўлган гуманитар ходимлар энг юқори сонидан кўп.

Халқаро ҳуқуқ қўпол равишда бузилишига қарамай, БМТ қатъий чоралар кўра олмаяпти, бир изда қотиб қолган. Нега? Сабаби, институт геосиёсат гаровига айланган. Жаҳонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаши керак бўлган Хавфсизлик Кенгаши куч сиёсати театрига айланди. Исроил ҳаракатини танқид қилиш ёки чеклашга қаратилган ҳар қандай резолюцияга Қўшма Штатлар томонидан дарҳол вето қўйилади ва бу халқаро ҳуқуқни тишсиз қилади.
Бу назорат йўқолиши эмас, балки ирода, тузилма ва мақсад муваффақиятсизлиги.
Тажовузни тўхтатиш учун ишлаб чиқилган механизм бузилган. АҚШ ҳукумати ўз вето ҳуқуқидан фойдаланиб, Исроилни назорат ва жавобгарликдан ҳимоя қиляпти, БМТ эса сукут сақлаяпти.
Айни пайт Ғазодаги 2 миллиондан кўп фаластинлик учун ҳаёт занжирининг ягона халқаси – UNRWA
ичкаридан емирилмоқда. Ғарб давлатлари Исроил босими остида ва бир неча ходимга нисбатан исботланмаган айбловга асосланиб, агентлик фаолиятини молиялаштиришни тўхтатган ёки қисқартирган. Натижа-чи? Оч қолган оилалар, соғлиқни сақлаш тизими қулаши, таълимдан маҳрум болалар... Булар шунчаки сиёсий қарорлар эмас.
Афсуски, аллақачон қамалда қолган аҳоли учун қўшимча фожиа. БМТ ўз агентлиги ва хизмат қилаётган одамларини ҳимоя қилиш ўрнига, таслим бўлаётганга ўхшайди.
Бош котиб Антониу Гутерриш бир неча бор секторда фалокат юз беришидан огоҳлантирган, бироқ бу чақириқ эътиборсиз қолган. У 2023 йил декабрь ойида БМТ Низоми 99-моддасини сўнгги ўн йилликлардаги илк шундай ҳаракат сифатида инқирозга эътибор қаратиш учун чақирганда, ХК ҳеч қандай чора кўрмади. 150 дан ортиқ давлат томонидан қўллаб-қувватланган АҚШ ветоси сулҳ резолюциясига тўсқинлик қилди. Хулоса аниқ: ҳатто геноцид ҳам тўхтовсиз давом этиши мумкин, агар бир қудратли куч хоҳласа.
Бу ахлоқий таназзулнинг оқибати жуда оғир. БМТ нафақат фаластинликларни мағлуб этмоқда, балки бутун дунё бўйлаб мазлум халқларга хавфли хабар юбормоқда: халқаро ҳуқуқ танланади, инсон ҳуқуқи муҳокама қилинади. Жамоавий жазо, этник тозалаш ва оддий аҳолига ҳужумга тоқат қиладиган дунё тартибига қандай эътиқод қилиш мумкин? Женева конвенциялари амалга ошмаса, бундай тузилмадан нима наф?
БМТга ишонч аллақачон сўроқ остида қолган. Ачинарлиси, мустамлакачилик ва икки томонлама стандарт хотираси ҳамон сезиладиган Глобал жануб ҳам БМТнинг Ғазодаги кучсизлиги нохуш таъсирини ҳис этмоқда. Африка, Осиё ва Лотин Америкаси давлатлари ҳозирги дунё тартиби ҳақиқатан шу минтақаларни ҳимоя қиладими ёки фақат бир неча қудратли куч манфаатини кўзлайдими, деган саволни тобора кўпроқ қўймоқда.
Нохуш ҳақиқатга дуч келиш вақти келди: БМТ фаолияти ҳозирги кўринишида мақсадга мувофиқ эмас. Бинолари бомбардимон қилинганда, ходимлари ўлдирилганда ва бутун аҳоли ҳаfлокат ёқасида турганда ҳаракат қила олмайдиган тузилма нима учун керак? Дипломатик театрми бу? Ваҳшийлик содир этилганда кучлилар ўз қиёфасини жилолайдиган босқичми?
Ҳисоб-китоб қилиш керак. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёки БМТ Хавфсизлик Кенгаши вето ҳуқуқини бекор қилишдан бошлаб, фундаментал ислоҳот амалга ошириш зарур. Ёки ташкилот ўтган давр ёдгорлигига айланганини тан олиши лозим. Иккинчи жаҳон уруши кулидан “бошқа ҳеч қачон” деган тантанали ваъда билан туғилган жамоа энди воқеалар ривожини ожизгина кузатмоқда.
Ислоҳот қандай кўринишга эга бўлиши мумкин? Бош Ассамблеяга оммавий ваҳшийлик ҳолатида ХК ветосини бекор қилиш ваколатини бериш шарт. Бу UNRWA каби гуманитар ташкилотларни сиёсий манипуляциядан қутқариш, буюк давлатлар иродасига боғлиқ бўлмаган халқаро ҳуқуқ меъёрига риоя қилишни таъминлаш механизмини яратиш демакдир. Энг муҳими, бу ҳозирги тузилма ҳаракатсизликни рағбатлантираётгани, жазосиз қолиш ва ҳимоя қилиш учун яратилган ғояларни барбод қилиш тан олинишини англатади.
Ғазо халқи энди маърузага эмас, ҳаракатга, ҳимояга, адолатга муҳтож. Бомба портлашда давом этаркан, оилалар оммавий қабрга дафн қилинаркан, нафақат одамлар омон қолиши қийинлашади, балки халқаро ҳамжамиятнинг маънавий аҳамияти йўқола боради.
Уруш жинояти жонли эфирга узатилаётганда қуруқ гап билан баёнот берадиган кучсиз институт дунёга керак эмас. Инсониятга ҳаракат қила оладиган, қонунни ижро эта оладиган ва муҳтожларни ҳимоя қиладиган тузилмалар керак.
Ғазода биз нафақат инсонпарварлик туйғуси, балки дунё тартиби маънавий асоси ҳам емирилишига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Агар БМТ етарли жасорат топа олмаса, тинчлик ва адолат посбони сифатида эмас, балки хунрезлик гувоҳи сифатида эсда қолади.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА