English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БМТ: Ғазо омон қолиш учун барча асосий унсурларга муҳтож
12:22 / 2025-09-22

Маълумки, Исроил армияси Ғазода ишғол кўламини кенгайтириш мақсади кўзланган янги ҳужум режасини амалга ошира бошлади. Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби воизи Стефан Дюжаррик ҳудудда "омон қолиш учун барча асосий унсурларга шошилинч эҳтиёж" борлигини айтди.

БМТ қароргоҳида бўлиб ўтган кундалик матбуот анжуманида журналистларга Яқин Шарқдаги ўзгаришлар ҳақида атрофлича маълумот бераркан, мулозим Исроилнинг қуруқлик бўйлаб ҳужумидан омон қолишга уринаётган фаластинликлар дуч келган шароитга батафсил тўхталди. Қайд этилишича, шимолий минтақалардан жанубий ҳудудларга кўчган аксарият оилалар ўнлаб соат давомида озиқ-овқат, сув ва бошпанасиз юришга мажбур бўлишяпти.

- Куни кеча минтақага юборилган ёрдам - тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ оғир ва ўта ташвишли ҳолатга тушган камида 2700 боланинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкин бўлган маҳсулот   ўғирланган, - деди Дюжаррик. - Хуллас, фаластинлик болаларга ҳужумнинг ҳалокатли таъсири тобора кучаймоқда. Биз Ғазода ҳар куни ортиб бораётган эҳтиёжни қондириш учун барча очиқ чегара нуқталари орқали инсонпарварлик ёрдами келиши лозим. Шунингдек, асирлар озод этилиши ва оиласига қайтарилиши, исроилликлар ҳам, фаластинликлар ҳам тинч ҳаётга умид боғлашини истаймиз.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазога уюштирилган ҳужум оқибатида камида 65 174 фаластинлик ҳалок бўлди, 166 071 киши яраланди.

27 майдан бери секторда инсонпарварлик ёрдами жамғармаси томонидан ташкил этилган гуманитар кўмак тарқатиш манзилларидаги фаластинликлар нишонга олинган тизимли ҳужум натижасида 2514 одам ҳаётдан кўз юмди, 18 431 инсон жабрланди.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо сектори тўлиқ босиб олинишини эълон қилган.

Г.Сатторова, ЎзА