Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махл хоним ва тизимдаги ташкилот вакиллари билан учрашди.
Учрашув давомида Нормат Турсунов яқинда БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган бир қатор ташаббуслар бўйича Навоий вилоятида ҳам муҳим вазифалар белгилаб олинганлигини айтиб, бугунги учрашув ҳам БМТ ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси эканлигини билдирди.
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан стратегик ҳамкорликка оид ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Ҳужжат доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг салбий таъсирини юмшатиш, табиий офатлар хавфини камайтириш ҳамда болалар учун муҳим хизматларнинг инклюзив, барқарор ва экологик хавфларга тайёр бўлишини таъминлаш йўналишларида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бундай саъй-ҳаракатлар орқали болалар ва ёшларнинг чидамлилигини ошириш кўзда тутилган.

Бугунги кунда вилоятда 28 та мактабгача таълим ташкилотида ташкил этилган “Инклюзив гуруҳ”ларда 63 нафар ҳамда 82 та мактабдаги 122 та “Инклюзив синфлар”да 323 нафар ногиронлиги бўлган болалар инклюзив таълимга жалб этилган.
“Эҳтиёжманд аҳолини аниқлаш жамғармаси” Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистонда иқлим таълими орқали ёшларнинг етакчилик қобилиятларини кучайтириш ва ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ёшлар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар ёшларнинг экологик билимларини ошириш, етакчилик қобилиятларини ривожлантириш ҳамда “яшил” келажак учун фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.

БМТ Тараққиёт дастури кўмагида маҳаллий инфратузилмани яхшилаш, аёллар ва ёшлар бандлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар вилоят ривожига ҳисса қўшмоқда.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида камбағал оилалар билан ишлаш ва уларнинг реестрини юритилиши бошлангандан буён вилоят бўйича 36,4 минг оила ўрганилиб, 13,8 минг оила “Камбағал оилалар реестри”га киритилди. Шу кунга қадар 5 мингдан ортиқ оиланинг даромади ошиб, камбағалликдан чиқарилди.
Учрашув якунида таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва экология йўналишларида янги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда барқарор ривожланиш йўлида қўшма ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири