Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош қароргоҳида Бош Ассамблеянинг 80-сессияси доирасида нутқ сўзлаши минглаб ёшларни ҳам янги ташаббусларга руҳлантирди. Бундай юксак минбардан ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида билдирилган кўплаб таклифлар албатта келажакда ўз мевасини беради.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган учрашувда давлат раҳбарининг айниқса шу йўналишдаги таклифларини ёшлар катта мамнуният ва қувонч билан кутиб олдилар.
“Ўзбекистон-БМТ: Умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш” мавзусидаги тадбир депутатлар, профессор-ўқитувчилар ва юзлаб талабаларни бир ғоя атрофида бирлаштирди. У ҳам бўлса дунёда тинчлик, тараққиёт бардавомлиги, эзгу ғоялар атрофида бирлашиш. Таъкидландики, камбағаллик даражасининг кескин пасайиши, таълим соҳасида қамровнинг кўпайиши ва гендер тенглик борасидаги ташаббуслар нафақат ички сиёсий ислоҳотлар, балки халқаро мажбуриятларни бажаришда ҳам муҳим қадам бўлди.
Президентимизнинг юксак минбардан туриб эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида экани, ёшларнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифа бўлиб қолиши ҳақидаги фикрлари ва “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ташаббуслари ёшлар катта хурсандчилик билан қабул қилди ва қўллаб-қувватлашди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ёшлар тақдири мамлакат тақдири билан чамбарчас боғлиқ экан, давлат раҳбарининг ташаббуслари албатта келгусида йигит-қизларимизга янги марралар, ташаббуслар, улкан ютуқлар сари йўл очиб беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/cqFKFQSzn3w" title="BMT Bosh qarorgohida yoshlarga oid tashabbuslar qo‘llab-quvvatlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Искандар Исматов, ЎзА