Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БМТ Бош котиби: Ғазода 75 кун ичида ташкилотнинг 136 ходими ўлдирилди
10:25 / 2023-12-24

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш айтишича, 75 кун давом этган жанг давомида қамалдаги Ғазо секторида мазкур халқаро тузилманинг 136 нафар ходими ҳалок бўлган. Бу ҳақда БМТ матбуот хизматига таяниб, “Анадолу” хабар берди.

– БМТ тарихида бундай фожиани ҳеч қачон кўрмаганмиз, – деб ёзган мулозим ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Кўпчилик ходимларимиз уйини тарк этишга мажбур бўлди. Ғазо аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун ҳаётини хавф остига қўйган минглаб кўмакчиларни ҳурмат қиламиз.

Нью-Йоркдаги брифингда сўзга чиққан Гутерриш одамларга ёрдам кўрсатиш учун хавфсиз шароит яратиш, гуманитар ходимларни ҳимоя қилиш, логистика салоҳияти ва тижорат фаолиятини қайта тиклаш зарурлигини таъкидлади. Унинг эслатишича, Исроилнинг интенсив бомбардимони ва Ғазо бўйлаб аҳолиси зич жойлашган шаҳарлардаги фаол жанг тинч аҳоли ва ёрдам ходимлари ҳаётига таҳдид солмоқда.

– 71 кун давомида Исроил Керем-Шалом ўтиш жойи орқали Ғазога инсонпарварлик ёрдами киришига рухсат беришини кутдик, – деди БМТ раҳбари. – Афсуски, гуманитар ёрдам олиб кетаётган юк машиналари ҳудудда ҳужумга учради. Логистикада ҳам муаммо етарли: чегарадан Ғазога ёрдам ташиш учун БМТ машиналари етарли эмас. Анклав шимолига саёҳат қилиш хавфли, алоқа узилиши гуманитар хизматчилар бир-бири билан мулоқот қилишига, аҳолини хабардор қилишга имкон бермаяпти.

Гутерриш, шунингдек, тижорий фаолиятни зудлик билан қайта тиклашга чақирди.

– Жавон, ҳамён, ошқозон бўш, – дея огоҳлантирди у. – Ғазо бўйлаб фақат битта новвойхона ишлаяпти. Исроил ҳукуматини тижорат фаолиятига қўйилган чекловни дарҳол олиб ташлашга чақирамиз. Бундай шароитда фақат инсонпарварлик мақсадида ўт очишни тўхтатишгина ушбу “даҳшатли туш”га чек қўйиши мумкин. Хавфсизлик Кенгашида қабул қилинган резолюция, ниҳоят, мақсадни амалга ошириш учун шароит яратиши мумкин.

Қолаверса, юқори мартабали Исроил расмийларининг “икки давлат ечимини шубҳа остига қўйган” изоҳидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди.

– Қанчалик қийин туюлмасин, БМТ резолюциялари, халқаро ҳуқуқ ва аввалги келишувларга мувофиқ, икки давлат қарори барқарор тинчликка олиб борадиган ягона йўлдир, – деди у. – Ечимнинг мақсадга мувофиқлигига нисбатан ҳар қандай шубҳа инсон ҳуқуқини бузади, Фаластин халқи умидига чек қўяди ва “Ғазодан узоқда авж олаётган” ғазабни кучайтиради. Бу Исроилнинг хавфсизлигига ҳам путур етказади.

М.Пирматова, ЎзА