Ватанимиз тарихидаги 23 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1123 йил (бундан 902 йил олдин) – буюк фақиҳ Али ибн Абу Бакр ибн Абдул-Жалил Фарғоний Риштоний Марғиноний таваллуд топди (вафоти 1197 йил). Илмий адабиётларда у зотнинг туғилган йили борасида ихтилофлар мавжуд. Айрим адабиётларда бу сана милодий 1117 йил қилиб кўрсатилса, айримларида 1118 ҳамда 1123 йиллар қайд этилади. Бу ўринда Абу Тоҳирхўжа Самарқандийнинг “Самария” китоби асос қилиб олинди.
Бурҳониддин Марғиноний Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ илмларини чуқур ва мукаммал ўрганганлиги ва бу борада ўз даврининг етук пешвоси бўлгани боис Бурҳониддин, яъни “дин исботи”, “дин далили” исми билан машҳур бўлган. Машҳур фиқҳшунос олимнинг бизгача 4 асари етиб келган, холос. У олижаноб инсоний фазилатларига эга, камтарин ва хокисор зот бўлган. Ўзининг “Китоб ал-машойих” асарида 40 нафар уламо, олимларни ўзига устоз деб кўрсатади. Алломанинг қатор салоҳиятли шогирдлари бўлган.
Бурҳониддин Марғиноний мусулмон дунёсига буюк фиқҳшунос олим сифатида танилиб, унинг “Ҳидоя” асари бир неча асрлар давомида жамиятда ҳуқуқий нормативларни ўрганишда катта роль ўйнаган. Буюк фиқҳшунос олим, улуғ ватандошимиз хотирасига улкан эҳтиром кўрсатилган ҳолда 2000 йил мамлакатимизда ҳижрий сана бўйича унинг 910 йиллиги кенг нишонланди.
1860 йил (бундан 165 йил олдин) – Бухоро амирлиги тахтига Амир Насруллоҳнинг ўғли Амир Музаффархон ўтирди. Амир Насруллоҳдан у вафот этганда ёлғиз ўғил – Музаффариддин қолган эди. Бироқ амир Насруллоҳ ўлими олдидан Бухоро тожу тахтини ёлғиз ўғли Музаффариддинга эмас, балки кўп сонли невараларидан бирига васият қилиб қолдиради. Бироқ Бухоро амирлиги тахтини Амир Музаффархон эгаллайди.
1873 йил (бундан 152 йил олдин) – Шаҳрисабзда Бухоро амири Музаффар ва Туркистон генерал-губернатори Константин Кауфман ўртасида шартнома имзоланди. 1873 йилги ушбу шартноманинг 6-моддасига мувофиқ, рус савдогарларига тегишли Россиядан Бухорога келаётган ёки Бухородан Россияга кетаётган барча товарлардан 2,5% миқдорда закот олиш белгиланди.
1913 йил (бундан 112 йил олдин) – Хива шаҳрида касалхона очилди. Унда ишлаш учун Саратов губерниясидан доктор Ансимов ва аёлларни даволашга Фарғонадан доктор Асфандияровалар чакирилди. Хонликда касалхона очилишини аҳоли яхши кутиб олди ва унда даволанувчилар тезда кўпайиб кетди. Хивадаги ушбу касалхонанинг очилиши маросимида қатнашган тарихчи Баёний бу ҳақда шундай ёзган эди: “Ушбу йил зулқаъда ойида дорушшифо, яъни духтурхонанинг биноси итмомга етди. Хон ҳазратлари онда яхши тўй бериб, тамоми уламо ва тамоми тўралар, беклар ва тамому амалдору оқсоқоллар ва тамоми элни даъват этдилар ва Русия духтурларидан икки духтурни талаб этиб келтурмиш эрдилар”.
1932 йил (бундан 93 йил олдин) – ҳужжатли кино режиссиёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Соли Давлатов дунёга келди. У “Беруний”, “Алжабр – алгебра” каби бир қанча фильмларни суратга олди. Унинг “Сурхон тонги” фильми 1985 йили Рига кинофестивалида бош совринни қўлга киритган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – жаҳон иқтисодий алоқалари, давлатлараро муносабатлар ва дипломатия соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш зарурлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамжамиятга кириши, хорижий мамлакатлар билан дипломатик, иқтисодий, савдо ва маданий алоқалар ўрнатилиши натижасида пайдо бўлган янги имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида Президент фармони билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ташкил этилди.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллигини нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
2013 йил (бундан 12 йил олдин) –Андижон, Наманган, Фарғона, Қарши ва Термиз шаҳри аэропортлари ҳаво кемаларининг халқаро парвозлари учун очилди.
2013 йил (бундан 12 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 5 боб, 28 моддадан иборат.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика бахшичилик санъати маркази ва унинг ҳузуридаги Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 11 боб, 75 моддадан иборат.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Бош Ассамблея тарихида илк маротаба ўзбек тилида нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини тақдим этди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони ва “«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Нью-Йорк шаҳрида имзоланган қўшма коммюнике асосида Ўзбекистон билан Кабо Верде Республикаси ҳамда Сейшел Ороллари Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА