Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Жаҳон божхона ташкилотининг Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастури доирасида Бухоро вилояти “Олот” чегара божхона постида махсус амалий тренинг бўлиб ўтди.
Унда Божхона қўмитасининг “Олот”, “Чуқурсой техник идора”, “Яллама” ва “Айритом” чегара божхона постларида фаолият олиб бораётган порт назорати гуруҳлари аъзолари иштирок этди. Машғулотларни Наркотикларга қарши курашиш ва уюшган жиноятчилик бўйича Туркия халқаро академиясининг юқори малакали мутахассислари олиб борди.

Иштирокчилар транспорт воситалари ва йўловчиларни профиллаш, ноқонуний товарлар ва гиёҳванд воситаларни яшириш усуллари, уларни аниқлашда эътибор қаратилиши лозим жиҳатлар ҳамда божхона назоратида оғзаки сўровдан ўтказиш техникаси каби қатор мавзуларда ўз билим ва тажрибаларини бойитди.
Шунингдек, юк ва уларга тегишли бўлган ҳужжатларни текшириш усуллари бўйича порт назорати гуруҳлари аъзоларининг назарий ва амалий билимларини кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ўқув дастури доирасида иштирокчилар хавфларни баҳолаш ва гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш йўналишлари каби қатор мавзуларда зарур кўникмаларга эга бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.