Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган устувор вазифалар, хусусан, Глобал шериклик доирасида амалга ошириш воситаларини мустаҳкамлаш ва ишларни фаоллаштириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан эшитув ўтказилди.
Унда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Молия вазирликларининг ахборотлари эшитилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга оширишда қабул қилинган Миллий мақсад ва вазифалар, хусусан, ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги мақсад ва вазифаларнинг ижро ҳолати муҳокама қилинди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги берган ахборотга кўра, ўтган вақт мобайнида вазирлик томонидан соҳада белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси юзасидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, фан, техника ва инновация соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, тузилмалар ислоҳотларини кучайтириш манфаати йўлида ўзаро билим алмашинувини рағбатлантириш борасида 2021 йил январь-ноябрь ойлари мобайнида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 871,1 миллиард сўм бўлган 659 та лойиҳанинг бажарилиши таъминланди.
2021 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, умумий қиймати 602,6 миллиард сўм бўлган 407 та лойиҳа молиялаштирилган ва бажарилиши таъминланмоқда. Шу билан бирга, умумий қиймати 6,9 миллиард сўмлик 25 та (“Ўзбекистон-Беларусь”, “Ўзбекистон-Германия” ва “Ўзбекистон-Туркия”) халқаро қўшма лойиҳанинг бажарилиши мувофиқлаштирилди.
Молия вазирлиги ахборотига кўра, Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш борасида тизимли ишлар бажарилди. Жумладан, Давлат қарзини барқарор даражада ушлаб туриш бўйича халқаро экспертлар кўмагида “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Давлат қарзини бошқариш ва молиявий таҳлил тизимида (DMFAS-6 дастурий мажмуаси) давлат ташқи қарзи тўғрисидаги маълумотлар автоматлаштирилди.
Давлат қарзи статистикаси шаффофлигини ошириш мақсадида Давлат қарзи ҳолати ва динамикасининг чораклик шарҳини (давлат тили ва инглиз тилида) ва хорижий инвесторлар учун махсус ойлик ахборотномани (инглиз тилида) Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиш ва хорижий инвесторларга юбориш амалиёти жорий қилинди.
Бугунги кун ҳолатига 2021 йил учун белгиланган жами 200 миллиард сўм маблағлардан 34,2 миллиард сўмлик манзилли рўйхат тасдиқланган. Мазкур манзилли рўйхат бўйича 1,57 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида жойлашган ирригация ва мелиорация тармоқларини бошқарувга бериш ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш лойиҳасига йўналтирилган.
Бундан ташқари, 1,6 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида 15 тагача умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш лойиҳасига йўналтирилган.
Муҳокамалар жараёнида масъул вазирликлар билан бу борада амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Қизғин баҳс-мунозаралар асосида ўтган эшитув сўнггида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА