-
БМТ Хавфсизлик Кенгаши кеча Афғонистон бўйича навбатдаги чорак учун брифинг ўтказди. Тадбирда Ташкилотнинг Афғонистон бўйича махсус вакили,ушбу мамлакатга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари Роза Отунбаева мамлакатда кучайиб бораётган инқироздан жиддий огоҳлантириш берди. Уч йиллик ваколати муддати якунланиши арафасида Кенгашга қилган сўнгги мурожаатида у мавжуд вазият минтақани янада беқарорлаштириши хавфи пайдо бўлганига урғу бериб, юзага келган ўзаро боғлиқ гуманитар, иқтисодий ва ҳуқуқий инқирозни “мукаммал бўрон” сифатида тавсифлади.
Толибон назоратига қарамай, хавфсизлик масаласи долзарблигини йўқотмаяпти
БМТ сўнгги чораклик ҳисоботига кўра, май-июль ойларида Афғонистонда хавфсизлик билан боғлиқ ҳодиса 9 фоиз кўпайиб, 2 658 ҳолатни ташкил қилган. Афғонистон Озодлик фронти ва Миллий қаршилик фронти каби қуролли мухолиф гуруҳлар 47 ҳодиса учун жавобгарликни зиммаларига олган бўлса-да, фактлардан фақат 19 таси тасдиқланган. Бинобарин, бу Толибоннинг ҳудудий назоратига жиддий таҳдид туғдирмайди.
Толибоннинг қарши амалиётига қарамай, ИШИД-К фаоллигини сақлаб қолмоқда ва шов-шувли ҳужумлар уюштирмоқда. Жумладан, июнда Бадахшон вилоятидаги шиа масжиди имоми ўлдирилди. Покистон билан чегарадаги вазият кескинлашди: БМТ Толибон ва Покистон хавфсизлик кучлари ўртасидаги 14 ҳолат, жумладан Хўст, Кунар, Нангарҳор ва Пактика вилоятларида қуролли тўқнашувни қайд этган.
Кучли зилзиладан сўнг гуманитар инқироз янада кучаймоқда
31 август куни Афғонистон шарқида юз берган ҳалокатли зилзила мамлакатдаги гуманитар инқирозни янада чуқурлаштирди. 6.0 магнитудали зилзила, асосан, Кунар ва Нангарҳор вилоятларида 2205 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 3640 одамни жароҳатлади. Офат 6700 дан зиёд уйни вайрон қилиб, 441 қишлоққа зарар етказди. Қутқарув ишлари мураккаб рельеф ва кўчки туфайли қийинлашди.
Жорий йил халқаро гуманитар молиялаштириш чалкам 50 фоиз қисқаргани боис, ёрдам кўрсатиш имконияти жиддий чекланди. Буюк Британия зилзила оқибатини бартараф этиш учун қўшимча 4 миллион доллар ажратишини эълон қилиб, ўз ҳиссасини жами 5,4 миллион долларга етказди. Хайрия ташкилотлари эса ҳали анча кўп ёрдам зарурлигини таъкидламоқда.
Оммавий қайтиш ресурсларни зўриқтирмоқда
2025 йил Эрон ва Покистондан 1.6 миллиондан ортиқ афғон қайтиши мамлакатга қўшимча босим ўтказмоқда. Иқтисодиёт 1 миллиард долларлик пул ўтказмасидан маҳрум бўлди, маҳаллий хизматга ортиқча юклама тушмоқда. Сентябрь ойи биринчи ҳафтасидаёқ Покистондан 100 000 киши келди.Шу боис ёрдам кўрсатиш имконияти издан чиқиш арафасида.
Қирғизистонлик Роза Отунбаева таъкидлашича, Афғонистоннинг иқтисодий ўсиши аҳоли сони кўпайишидан 2,7 фоиз ортда қолмоқда, афғонларнинг 75 фоизи тирикчилик чегарасида яшамоқда. У Кобул яқин йилларда “сувсиз қоладиган илк замонавий шаҳар”га айланиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Зеро, иқлим ўзгариши мавжуд муаммоларни янада кучайтирмоқда.
Лавозимини топшираётган махсус вакил “аксар афғонлар тўсиқларга қарамай, халқаро ҳамжамият ва ўз мамлакати ўртасидаги алоқалар давом этишини хоҳламоқда” дея таъкидлаб, Афғонистонда кучайиб бораётган инқирозни енгиб ўтиш учун мафкуравий ёндашув эмас, амалий ечим излашга чақирди.
Абдуазиз Хидиров, ЎзА шарҳловчиси