Инқирозга учраган 65 мамлакатда 66 миллион аёл, қиз ва ёшларни қўллаб-қувватлаш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) рекорд миқдорда - 1,2 миллиард доллар сўради, дея хабар берди БМТ матбуот хизмати.
UNFPA бугунги кунда дунё чуқур инқирозга дуч келаётгани, бундай вазиятда жамғарма барқарорликни сақлаб қолиш, аёллар ва қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилишни таъминлайдиган мослашувчан молиялаштиришга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтожлигини эслатади.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Аҳолишунослик жамғармасининг 2023 йилга мўлжалланган инсонпарварлик мурожаати тарихан энг салмоқлиси ҳисобланади. Сўралган маблағнинг 289 миллиони Афғонистон, 70 миллиони Украина, 62 миллиони Сомали ва 23 миллиони Гаитидаги лойиҳалар учун мўлжалланган.
Ўтган йил тарихда биринчи марта бутун дунё бўйлаб ички кўчирилганлар сони 100 миллиондан ошди. Дунё Покистондан Африка қитъасигача кўплаб мамлакатлар ва минтақаларга жиддий зарар етказган сув тошқини ва қурғоқчиликни бошдан кечирди. Украинадаги уруш кўчманчилар сафи кенгайишига, озиқ-овқат муаммоси юзага чиқишига сабаб бўлди. Афғонистон, Гаити, Сомали ва Яманда ҳам ҳолат жиддий тус олди. Конго Демократик Республикаси, Шимолий Эфиопия, Гаитида можаро ва беқарорлик туфайли вазият янада кескинлашмоқда.
Табиийки, инқироз аёллар ва қизлар саломатлигига, ҳуқуқига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шундан келиб чиқиб, UNFPA халқаро ҳамжамиятни жабрланганларга ёрдам бериш учун етарли маблағ ажратишга чақирди.
Жамғарма фаолияти ҳамкорларнинг молиявий ва сиёсий кўмагига боғлиқлигини таъкидлади. Тегишли молиявий манба репродуктив саломатликни таъминлаш, фавқулодда вазиятда аёллар ва қизларга зарур ёрдам кўламини кенгайтириш имконини беради.
Кўзда тутилаётган хизмат оналар саломатлигини тиклаш, шошилинч акушерлик ёрдами кўрсатиш, оилани режалаштириш, гендер зўравонликнинг олдини олиш ва бундай ҳолатларга қарши курашиш, хотин-қизларга тиббий ва психологик жиҳатдан кўмаклашишни ўз ичига олади.
Қайд этиш жоиз, 2022 йил UNFPA ҳамкорлари билан бирга, жумладан, аёллар бошчилигидаги фуқаролик жамияти ташкилотлари кўмагида 30 миллион аёл, ва қизга ҳаётини сақлаб қолиш учун ёрдам кўрсатди. Гендер хусусиятли зўравонликнинг олдини олиш ва айни турдаги ҳаракатларга қарши туриш бўйича лойиҳалар орқали 46 мамлакатда икки миллионга яқин одамга мурожаат қилинган. 29 мамлакатда 1,4 миллион ҳомиладор аёл UNFPA томонидан қўллаб-қувватланадиган муассасаларда хавфсиз туғилишни таъминлаш учун ёрдам олди. 42 мамлакатда хавф остида бўлган аёлларга бошпана топишда ёрдам берилди, муҳтож аҳоли гигиена воситалари билан таъминланди.
Г.Сатторова, ЎзА