Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“BMB Holding” ПФЛнинг расмий ҳомийси
17:25 / 2024-03-05

Жорий йилнинг 4 март куни “BMB Holding”нинг Тошкентдаги бош офисида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси билан ҳомийлик битими имзоланди. Тадбирда “BMB Holding” Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, Профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев ҳамда ПФЛ ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар, ишбилармонлик муҳитининг самарали йўлга қўйилиши, кенг кўламдаги шарт-шароитлар ҳамда тадбиркорларга билдирилаётган ишонч уларнинг ижтимоий соҳаларни, хусусан, спортни қўллаб-қувватлашига туртки бўлаётганлигини қайд этди. Бундай келишувлар келажакда Ўзбекистонда спорт турлари, жумладан, футбол янада ривожланиб, янги босқичга чиқишига хизмат қилиши таъкидланди. 

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртимиздаги ушбу ислоҳотларга “BMB Holding” ҳам бефарқ эмаслигини айтиш лозим. 

Жумладан, 2021 йили “BMB PFC” футзал клубига асос солинди, 2021-2022 йилларда “Сўғдиёна” ва “Локомотив” футбол клубларига титул ҳомийси, 2023 йилда ПФЛнинг расмий ҳомийси бўлди. 2022 йили айнан холдинг компанияси ҳомийлигида Италия юлдузларидан ташкил топган жамоа Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистон футбол юлдузларига қарши майдонга тушди. Бу ўзбек футболининг 110 йиллик юбилейи учун компаниянинг ўзига хос совғаси бўлди, дейиш мумкин. 

Шунингдек, ушбу компания Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда иқтидорли ёш шахматчиларимиз– Осиё чемпиони Умида Омонова ҳамда ёшлар ўртасида 4 карра жаҳон чемпиони Ҳумоюн Бекмуродовга бош ҳомий сифатида уларнинг шахмат оламида катта ютуқларни қўлга киритиши учун барча шарт-шароитларни яратиб келмоқда. 

Мухтасар айтганда, “BMB Holding” компанияси юртимизда спортнинг равнақига муносиб ҳиссасини қўшмоқда. 

А.Қаюмов, ЎзА мухбири