Жиззахдаги “BMB HOLDING” компанияси таъсисчиси Мирзамурод Дадажонов Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб, йирик тадбиркорлар билан учрашув ва музокаралар олиб бормоқда.
У, жумладан, Хитойнинг “ZHEJIANG GUANFENG FOOD MACHINERY CO LTD” компаниясида бўлиб, корхона раҳбари жаноб Xu Guo Feng билан учрашди.

Ушбу компания 30 йиллик тарихга эга бўлиб, ҳозир Хитойнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, музлатиш, сувсизлантириш ва шу каби чуқур қайта ишлашнинг энг илғор технологияларини ишлаб чиқаради ва реализацияси билан шуғулланади. Мева-сабзавотларни қайта ишлаш технологияларини ишлаб чиқариш бўйича ўзига хос тажриба ва мавқега эга. Ҳозирги кунда ушбу компания технология ва ускуналари дунёнинг 57 мамлакатига экспорт қилинади.


“BMB HOLDING” тизимидаги корхоналарда мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва чуқур қайта ишлашни самарали ташкил қилиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.


Бундан ташқари, “BMB HOLDING” компанияси Хитойнинг Шанхай шаҳрида ташкил этилган бир қатор йирик ва энг сўнгги тўқимачилик ва енгил саноат технологиялари кўргазмасида ҳам иштирок этди. Жумладан, Шанхай миллий кўргазмалар марказида “Хитой халқаро тўқимачилик кўргазмаси – 2024”, “Хитой халқаро тўқимачилик ва ип–калава ишлаб чиқариш технологиялари – 2024”, “Хитой халқаро тўқимачилик матолари ва аксессуарлари – 2024” каби нуфузли кўргазмаларда қатнашиб, йирик Хитой компаниялари фаолияти, энг замонавий ва сўнгги авлод тўқимачилик ва енгил саноат технологиялари ишлаб чиқарувчилар билан манфаатли музокаралар олиб борилди.

Хитойдаги йирик компанияларнинг пахта, мато ва тўқимачилик, ип-калава ва бошқа шу каби маҳсулотларни қайта ишлаш, чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги тажрибалари ўрганилди. Юртимизда ҳам шу йўналишда қўшма лойиҳалар ташкил этиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири