Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“BMB Agro” халқаро сертификатга сазовор бўлди
09:30 / 2026-01-11

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини тубдан модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва миллий маҳсулотларни жаҳон бозорларига олиб чиқиш борасида тизимли ислоҳотлар изчил давом этмоқда.

Ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида Жиззахдаги “BMB Holding” компанияси тизимида фаолият юритувчи “BMB Agro” корхонаси халқаро "FSSC 22000" озиқ-овқат хавфсизлиги менежменти тизими сертификатини қўлга киритганини қайд этиш мумкин. Мазкур сертификат ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш занжирининг барча босқичлари халқаро стандарт ва норматив талабларга тўлиқ жавоб беришини техник жиҳатдан тасдиқлайди.

"FSSC 22000" сертификати корхоналарда замонавий бошқарув тизимлари жорий этилаётгани, ишлаб чиқариш маданияти, сифат ва масъулиятга бўлган ёндашув янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради. Ушбу стандарт жаҳон миқёсидаги нуфузли ва ишончли сертификатлардан бири ҳисобланади.

Сертификат талабларига мувофиқ, ишлаб чиқариш жараёнларидаги биологик, кимёвий ва физик хавфлар тизимли равишда аниқланади, баҳоланади ҳамда самарали назорат қилинади. Бу эса маҳсулот сифати ва истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

"FSSC 22000" сертификатининг мавжудлиги “BMB Agro” маҳсулотларининг АҚШ, Европа Иттифоқи каби юқори фитосанитария ва хавфсизлик талаблари қўйилган бозорларга чиқиши учун кенг имкониятлар яратади. Шу билан бирга, экспорт географиясини кенгайтириш, хорижий ҳамкорлар билан узоқ муддатли ва барқарор шартномалар тузиш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва ишончли асос бўлиб хизмат қилади.

Энг муҳими, бундай халқаро стандартларнинг маҳаллий корхоналарда жорий этилиши Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, миллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда мамлакатимизнинг жаҳон бозорида ишончли аграр экспортёр сифатидаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА