Bloomberg: Туркиянинг F-16 қирувчи самолётлари учун техник ускуналар бўйича сўрови маъқулланди
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Туркияга қарашли Америкада ишлаб чиқарилган F-16 қирувчи самолётларини модернизациялаш учун техник асбоб-ускуналарни сотишни маъқуллаш бўйича Конгрессга мурожаат қилган эди. Бу ҳақда пайшанба куни Bloomberg агентлиги хабар берганди.
Хабарда келтирилишича, Конгрессга юборилган норасмий ҳисоботга AIM-120 AMRAAM ва AIM-9 Sidewinder ракеталарини сотиш, шунингдек, Туркия қуролли кучларида фойдаланилаётган F-16 жанговар самолётларини техникалар ва дастурий таъминот билан таъминлаш бўйича сўров ҳам киритилган.
Аввалроқ The Wall Street Journal газетаси апрель ойида Анқара АҚШга F-16 қирувчи самолётларига ўрнатиш учун мўлжалланган ракеталар ва радарлар бўйича ҳам сўров жўнатгани ҳақида ёзган эди. Газетанинг маълум қилишича, Туркия ҳукумати сўраётган техникаларнинг умумий нархи 400 миллион доллардан ошиши керак бўлган. Bloomberg манбаларида эса, харид қиймати 500 миллион доллардан зиёд экани айтилмоқда.