Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Bloomberg нефтни қайта ишлаш бозорида етакчи ўзгаришини таъкидламоқда
19:50 / 2020-11-23

2021 йилда АҚШ нефтни қайта ишлаш бозорида етакчиликни Хитойга бериши мумкин, деб хабар беради Bloomberg агентлиги Халқаро энергетика агентлиги хулосаларига таяниб.

АҚШда бир қатор нефтни қайта ишлаш заводлари, хусусан, Луизианадаги Royal Dutch Shell Plc ўз фаолиятини тўхтатади. Хитойда эса шундай заводларнинг камида тўрттаси қурилмоқда. Уларнинг умумий қуввати кунига 1,2 миллион баррелни ташкил этади.

Пандемия шароитида дунё бўйича нефтга бўлган талаб кескин пасайиб кетди. Бу эса нефтни қайта ишлаш соҳасига ҳам салбий таъсир кўрсатди, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми рекорд даражада қисқарди. Шунинг ярмидан кўпи Америка заводларига тўғри келмоқда.  

Бундан ташқари, нефть истеъмолида ҳам ўзгаришлар тезлашган. Масалан, Хитой ва Осиёнинг бошқа давлатларида пластмассага талаб ортмоқда. АҚШ ва Европа мамлакатлари эса чуқур иқтисодий инқироз билан курашмоқда. Вазиятни, шунингдек, муқобил энергия манбаларига ўтиш шароитида нефтга бўлган талабнинг узоқ муддатли истиқболи ҳам ёмонлаштирмоқда.

Хитойда нефтни қайта ишлаш соҳасининг ривожланиши Ҳиндистон билан Яқин Шарқда янги заводлар қурилиши билан бир вақтга тўғри келмоқда. Агентликнинг таъкидлашича, бу шубҳасиз, жаҳон энергетика тизимида ўз аксини топади. Хитой корхоналарининг халқаро ёқилғи бозоридаги ўрни тобора ортиб бормоқда. Бу эса нафақат АҚШ, балки Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳам муаммо бўлади, дейилади мақолада.

Wood Machenzie компанияси таҳлилчиларининг фикрича, нефтни қайта ишлаш қувватларининг ярмидан кўпи айнан Осиё қитъасига тўғри келади, улар пластик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилади.

"Хитой яқин бир ёки икки йилда АҚШни қувиб ўтади", – дейди Facts Global Energy компанияси директори Стив Сойер.

Бироқ, Хитой, Ҳиндистон ва Яқин Шарқда нефтни қайта ишлаш қувватларининг ошишига қарамай, мазкур соҳанинг  COVID-19 пандемияси келтирган зарардан ўзини тиклаб олиш учун йиллар керак бўлади, дейилади хабарда.

ЎзА