Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бизнинг Президент (+видео)
16:20 / 2023-06-08

“Бизнинг Президент” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги мулоқотга Фарғона вилояти дин илм аҳлининг етакчиларидан бош имом-хатиб Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Қўқон шаҳар “Мадрасаи мир” масжиди имом-хатиби, шаҳар бош имом-хатиби Абдулмажид домла Исақов ва Марғилон шаҳар “Худоёр хожи” масжиди имом-хатиби, Қуръони Карим ва тажвид фани ўқитувчиси Икромжон Турсуновларни таклиф этдик.

Мухбир: - Маълумки, халқимиз жуда муҳим сиёсий воқелик арафасида турибди. Бу албатта, президентликка сайлов масаласидир. Номзодлар расман рўйхатга олинди, уларнинг тарғиботи ҳам бошланди. Ҳар ер, ҳар жойда номзодлар, уларнинг дастури муҳокама қилиняпти. Хўш, дин илм аҳли нима деб ўйлайди, Ўзбекистонга қандай Президент керак? 

Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Фарғона вилояти бош имом-хатиби: –Буюк давлатга буюк инсонлар йўлбошчи бўлиши керак. Маърифатли, динпарвар, миллатпарвар, нафақат келажак балки ўтмишни ҳам унутмадийган инсон президент бўлишидан умидвормиз. Сўнгги 6-7 йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар, хусусан динга берилган эътиборни санаб ўтсак балким бир китобга ҳам сиғмас. Бу фикрни нафақат ўзбекистонликлар, балки бутун дунё эътироф этмоқда. Бизга мана шундай ислоҳотчи,  ҳамда шу кунгача амалга оширилган ислоҳотларни давом эттирадиган номзодгина президентликка муносиб деб биламан. 

Ташқи кучлар таъсирига тушиб, ақидада адашиб қолган юзлаб ватандошларимизни, айниқса уларга эргашиб борган аёллар, болаларни юртга қайтариб олиб келиш, уларнинг гуноҳини мардларча кечириш учун давлат раҳбари буюк қалб эгаси бўлиши керак эди. Қолаверса уларнинг фарзандларини таълим муссасаларига жойлаштириш, булар менинг фуқароларим дея ижтимоий ҳимояга олиш, уй-жой билан таъминлаш – бу каби улуғлик раҳбарнинг қатъий иродаси туфайлигина рўй    берди. Бу билан яна бир муҳим сиёсий масалага ечим топиб берилди. Яъни, ислом ва террорнинг асл қиёфаси очилди. Ислом ҳеч қачон террорни қўлламаслигини, ҳақиқий мусулмонлар тинчликпарвар эзгу ниятли инсонлар эканлигини бутун дунёга кўрсата олди. Бундай амалиётни Аллоҳ берган маърифат ва буюк қалб эгасигина қилиши мумкин эди. Бизга, Ўзбекистон президенти лавозимига мана шундай маърифатли, маънавиятли, халқи ва динини севадиган, тараққиёт учун ҳамиша фидоий, мавжуд ислоҳотларни тўла-тўкис давом эттирадиган ва ривожлантира оладиган инсон керак.

Абдулмажид домла Исақов, Қўқон шаҳар бош имом-хатиби:

Динимиз маърифат ва илм динидир. Сўнгги йилларда Ислом университети Ислом академияси деб эълон қилинди. Бухорода “Ҳадис” мактаби очилди. Чунки исломнинг 9 та саҳиҳ ҳадисларидан олтитасини бизнинг аждодлар яратганлар. Уларнинг меросини ўрганиш ва ўргатишни ташкил этиш буюклар руҳини шод этиши шубҳасиз.  Бундан ташқари, Бухорода Ҳазрат Нақшбандий зиёратгоҳлари мажмуаси ёнида Ислом олий  мадрасаси ташкил қилинди. “Хожагон-нақшбандия тариқати тасаввуф мактаби”, Фарғонада эса Бурҳониддин ал-Марғиноний “Фикҳ” мактаби ҳам очилди. Чунки исломда “Фикҳ” мактабига асос солган улуғ зот Бурҳониддин Марғиноний эдилар. Қолаверса, янги-янги мадрасалар, Қуръон мактаблари ҳам ишга туширилди. Буларни санаб адоғига етиш қийин. Менимча, Ўзбекистоннинг 36 милионлик халқига уларнинг қувончини ҳам дардини ҳам меники деб биладиган инсон раҳбарликка муносибдир.

Мухбир: – Биз бугунги кун ҳақида гапирмоқдамиз, аммо бундан 7-8 йил аввалги вазиятни эсламай бўлмас. 2013-2015 йиллар оралиғида бир воқеа рўй берганди ва у халигача қалбимга изтироб бериб келади. Вилоят раҳбарларидан бири ифторлик бўлаётган хонадонга милиция ходимлари ва видео камералар билан бостириб кириб, шом намозини бузиб, имомликка ўтган инсонга нисбатан маъмурий жазо қўллаган. Ўшанда ҳеч ким, жумладан биз журналистлар ҳам, мен ҳам лом-лум дея олмаганмиз. Бугун бу гапларни тазарру қилиб айтяпман. Лекин энди жамият ўзгарди. 

Убайдуллоҳ домла Абдуллаев: – Бугунги куннинг шукронасини қилиш учун ҳам албатта ўтмишни эслаш керак. Бугун ва ўтмишни таққослай олмасак, бугуннинг қадрига етиб бўлмайди. Келажакда шундай хато қилмаслик, халқнинг норозилигини туғдирмаслик учун ҳам ўша воқеаларни албатта эслаш лозим. Биз ҳозирги имкониятларнинг қадрига етиб, шукрона қилиб ёндошадиган бўлсак келажагимиз албатта порлоқ бўлади. Сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг натижалари ҳар бир мусулмонни қувонтиради. Масалан, Умра масаласини олайлик. Квота деган чеклов мутлақо бекор қилинди. Одамлар оила аъзолари, яқинлари билан боришмоқда. У ердан эса маънавияти, маърифати соғломлашиб келишмоқда. Дунё мусулмонлари билан фикр алмашиб ҳаётга янгича муносабати шаклланиб шукроналиги ортиб боряпти. Ҳаж ибодати ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу йил 15 мингдан ортиқ юртдошларимиз бу муқаддас зиёратга йўл олмоқдалар.

Абдулмажид домла Исақов: –Ўша 2015 йилларда Қўқонда рўмол билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар ҳам рўй берган эди. Бозорларда аёлларга рўмолларини ечишга мажбур қилинди. Бу эса халқнинг давлатга бўлган ишончи йўқолишига сабаб бўлди, халқ билан давлат ўртасига зиддият солди. Алҳамдуллилаҳ, сўнгги йилларда сиёсат кескин ўзгарди. Динга берилган эркинлик доирасида аёлларимиз эмин-эркин кийиниш ҳуқуқи билан таъминланди. Халқимиз эса бундан жуда мамнун бўлди. Ҳа, яхши кунларга эришдик, лекин ўтмиш барибир халқнинг хотирасида қолди. 

Мухбир: –Юртимиздан не-не улуғ олиму-уламолар чиққан. Улар нафақат бебаҳо асарларда балки юриш-туришларида ҳам жаҳолатга қарши маърифат билан яшашни ибрат қилиб қолдирганлар.

Икромжон Турсунов, “Худоёр хожи” масжиди имом-хатиби: – Бу ерда устозлар дин соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида гапирдилар. Шу ўринда диний таълимдаги ижобий ўзгаришларни ҳам айтиш жоиздир. Ислом оламининг энг улкан дарғалари шу юртнинг фарзанди бўлгани ва уларнинг илмий мерослари умумбашарий аҳамиятга эгалигини Ўзбекистондаги диний таълим тизимида ҳам кўриш мумкин. Нафақат “Олий маъҳад”, балки ўрта таълим ислом мактабларида ҳам фанлар чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилмоқда. Масалан, Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-адаб вал-Муфрад”, яъни одоб-аҳлоқга оид асарлари толиби илмларга ўқитилиши фикримизга мисол бўла олади. Яна бир қувонарли хол рўй берди. Таълим масканлари ва вилоят вакилликлари қошида “Қуръони Карим ва тажвид” ўқув курслари ташкил этилди. Бундай имконият шубҳасиз давлат раҳбарининг иродаси ва қўллови туфайлигина рўй бериши мумкинлигини яхши тушунамиз ва яратганга шу кунларга етказганига шукроналар қиламиз.

Мухбир: – 4 та партия ўз номзодлари дастурларини фаол тарғиб қила бошлади. Улардан қай бирини танлаш эса қонунда ҳам  шариатда ҳам сайловчининг ҳуқуқидир. 

Абдулмажид домла Исақов: – Юқорида қози домла тўғри айтдилар. Қўқонда 11 та масжид бор. Барча имом-хатиблар жамиятдаги сиёсий воқеликни чуқур мушоҳада қилиб иншаоллоҳ, оқил ҳулосага келганлар. Улар билан бу мавзуда бир неча бор мулоқотлар бўлди. Билганим шуки, уларнинг дунёқараши, сиёсий онги бошланган жараёндан воқифлиги диний илмидан кам эмас. Биз, жумладан, мен ҳам халқ фаровонлиги, мамлакат тараққиётини чуқур ислоҳ қилаётган, дину-диёнатимизга ғамхўрлик кўрсатаётган номзод учун овоз беришга қарор қилганман. 3 нафар ўғлим, келинларим, турмуш ўртоғим билан бу масалада ҳамфикр эканмиз. Биз учун бир насра муҳим – бўлажак президентнинг қандайлигига халқ жумладан, менинг ҳам тақдирим боғлиқ. Биз бугунгача олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттирадиган номзодни қўллаб-қувватлаймиз.  Чунки биз нафақат ўзимиз, балки халқимиз, юртимиз келажаги учун ҳам овоз берамиз. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TB6L0Edv0XY" title="БИЗНИНГ ПРЕЗИДЕНТ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Икромжон Турсунов: – Ёшларни дунёга танитадиган аввало илм. Бизга илмли, маърифатли  бўлишга шарт-шароит яратадиган номзодни қўллаб- қувватлаймиз. 

Мухбир: Ўзбекистонда дин ва давлат бир-биридан мустақил. Лекин бу улар бир-бирини инкор қилади дегани эмас. Иккисининг ҳам мақсади халқига, ватанига эзгулик келтиришдан иборат. Шу билан бирга давлат раҳбари эътиқодли бўлиши ва дин аҳкомларига тоқатли, унга итоат қилувчи бўлиши бу мамлакатнинг, халқнинг бахтидир.

“Бизнинг Президент” мулоқот майдонимизда фикр алмашганингиз учун сизларга ташаккур билдираман.

“Бизнинг Президент”имиз, у қандай бўлиши керак? Мулоқот майдони сизнинг ҳам фикрингизни беришга тайёр.

Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов

Тасвирчи: Элёр Олимов