Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бизни ҳам сўрайдиганлар бор экан”
17:18 / 2022-09-28

Қишлоқ аёллари

Бу олтмиш йилдан буён пилла етиштириш билан шуғулланиб келаётган ва ана шу хизматлари учун Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пиллачи” унвонига сазовор бўлган пайариқлик Улбуви Туғонованинг ғурур билан айтган гапи.

Аслида ҳар бир аёлнинг оила, рўзғор учун чеккан заҳмати, фарзанд ўстириши ҳар қанча эътироф, эътибор, эъзозга лойиқ. Аммо ҳамма вақт, ҳаммамиз ҳам буни англамаймиз, аёллар меҳнати қадрига етмаймиз. Бу йилги энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Президентимиз фармонига кўра, бир гуруҳ самарқандликлар ҳам давлат мукофотлари билан тақдирланди. Фахрий унвон олганлар қаторида Улбуви Тўғонова номини ўқиганимизда ушбу мукофот 81 ёшли онахонга берилгани хаёлимизга ҳам келмаган эди.

Кейин вилоят ҳокимлигида мукофотларни тантанали топшириш маросимида биринчи қаторда ўтирган онахонга, шу давранинг энг ёши улуғ кишисига кўзимиз тушди. Тақдирланганлар номи эълон қилиниб, саҳнага таклиф этилган ҳолда уларга мукофотлар тантанали топширилди. Табиийки, онахоннинг номи биринчилар қаторида ўқилди.

Раҳбарлар мукофотни Улбуви ўтирган жойга келиб топширса керак, деб ўйлаб тургандик. Йўқ, 81 ёшли онахоннинг ўзи саҳнага чиқиб борди ва мукофотни кўксига тақиб, бир қучоқ гулни бағрига босганча ўзи ҳам гулдек яшнаб келиб жойига ўтирди.

– Тадбир бошланишидан олдин ташкилотчилар сизга мукофотни ўтирган жойингизда топширишади, дейишди, рад этдим – деди онахон маросимдан сўнг суҳбатлашганимизда. – Президентимиз берган мукофотни ўзим чиқиб бориб вилоятимиз ҳокимидан оламан, дедим. Тўғри, ёшим 80 дан ошди, қаридим, лекин меҳнатдан, пилладан қариганим йўқ. Ҳали ҳам ишлайман, ипак қурти боқа оламан. Бу йил ҳам кенжа келиним билан 5 қути ипак қурти парваришладим.

Пайариқ туманида яшовчи Улбуви Тўғонованинг болалик ва ёшлик йиллари бошқа тенгдошлари сингари осон кечмаган. Урушдан кейинги қийинчиликлар, оғир йиллар машаққатини кўрган, ҳаётнинг кўп синовларини бошидан кечирган. Бир умр меҳнат қилиб, пешона тери билан ризқини топган, рўзғор тебратган. Бир этак бола – 6 ўғил, 3 қизни ўстириш, уйли-жойли қилишнинг ўзи бўладими? Бунинг устига ҳали болалар ёшлигида, оила устуни – отанинг бу дунёни эрта тарк этиши она учун кутилмаган ҳаёт зарбаси, оғир синов эди.

– 1991 йилда отаси вафот этганда болаларим ҳали ёш эди, – дейди Улбуви ая. – Рўзғорнинг ташвиши ўзимнинг гарданимга қолди. Тўнғичларим бироз катта бўлиб қолганди, ёнимга кирди. Ҳар қанча қийин бўлмасин, меҳнат қилиб рўзғор тебратишга, болаларимни бировдан кам қилмасликка интилдим. Пиллачиликдан ташқари, далада чопиқ қилиш, пахта териш, буғдой ўриш билан ҳам шуғулландим. Ёрдам сўраб бировнинг эшигида сарғаймадим. Фарзандларимни ҳам меҳнатга ўргатдим. Улар бирин-кетин вояга етди. Катта ўғлим, отасидек деҳқон бўлиб кам бўлмади, фермер хўжалиги ташкил қилди. Деҳқончиликда уқуви бор укаларини ёнига олди. Секин-аста ҳаётимиз изга тушди. Болаларим ўқиди, ҳунарли бўлди, ҳаётда ўз йўлини топди.

Онахон 40 нафар невара, 30 дан зиёд чевараларнинг севимли бувиси. 81 ёшга тўлган бўлса-да, ҳалигача пилла етиштириш билан шуғулланади. Бу ишда келинларига устоз. Тетикликда улардан қолишмайди.

– Меҳнат қилган одам соғлом бўлади, – дейди онахон. – Фарзандларим қариган чоғимда ишлашимни истамаса ҳам саломатлигим учун қимирлаб тураман. Ҳовлимизнинг тўрида алоҳида пиллахона қуриб қўйганмиз. Бу йилги мавсумда туманимиз ҳокими келиб, пилла етиштириш жараёнини кузатди. Мен билан суҳбатлашди. Ипак қуртини парваришлашда нималарга эътибор қаратиш кераклигини сўради. Билганимча сир-асрорларини гапириб бердим. 60 йилдан бери шу иш билан шуғулланаётган бўлсам, мен парваришлаган ипак қуртларининг биттаси ҳам нобуд бўлмагани, шунинг эвазига ҳар йили яхши ҳосил олишимни айтдим.

Аввалги тузум даврида ҳам кўп йил меҳнат қилганмиз, рўзғор тебратганмиз. Ношукурлик қилмайман, шунга яраша ҳақ тўланди, аммо бугунгидек эътибор йўқ эди-да. Меҳнатку майли, одамнинг ҳам қадри йўқ эди. Бугун энди замон ўзгарди. Раҳбарлар одамларни сўраяпти, ўзлари келяпти. Меҳнат қилган одам қадр топяпти. Бу ишларнинг бошида албатта, Президент турибди. Куйиниб гапирганларини телевизорда кўраман. Қани энди бошқа раҳбарлар ҳам шу инсонга ўхшаб одамлар ташвиши учун қайғурса, дейман.

Ўтган йили “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” деган нишон беришганди. Бу йил “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи” унвони билан сийлашди. Қаранг, бир умр ҳеч ким сўрамаган момога шу ёшимда шунча ҳурмат-эътибор. Оданинг ишонгиси келмайди. Гоҳида ширин туш кўряпманми, дейман ўзимга ўзим. Лекин бу туш эмас, ҳақиқатлигини билиб, қувонганимдан, юрагим тўлиб кетганидан тўйиб-тўйиб йиғлайман.

Мукофотни олиб келганимдан кейин уйимиз тўйхонага айланди. Табрикламаган, сўрамаган одам қолмади. Ҳаммаларини дуо қилдим. Бу сабр-матонат ва меҳнатнинг меваси эканлигини айтдим. Шундай кунларга етказганига шукр.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА