"Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ Сергели банк хизматлари офисида "Аксилкоррупция ойлиги" доирасида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Тадбирда "Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ тизимида коррупцияга қарши курашиш мақсадида фаолият турларини рақамлаштириш ва инсон омилини бартараф этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, банк томонидан коррупцияга қарши курашиш доирасида амалга оширилган ишларнинг асосий мақсади ходимларда коррупцияга, унинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик чораларини кўриш эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш банкда ташкил этилган Комплаенс назорат департаментига юклатилгани қайд этилди.
– Банкимизда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда, – дейди "Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ Комплаенс назорат департаменти директори Жамол Юсупов. – Хусусан, банкимизда ишонч телефонлари орқали хабарлар қабул қилинмоқда. Ҳозирда коррупция хатарлар бўйича хабарлар келиб тушган. Буни ходимларимиз жойига чиққан ҳолда ўрганди. Унда коррупцион хатарлар эмас, этика қоидасининг бузилиш, амалдаги тартибга риоя қилинмаслик ҳолатлари аниқланди. Банкда барча рискларни (хатар) аниқлаш, баҳолаш, фирибгарлик ҳолатларини олдиндан аниқлаш ҳамда банкнинг барча операцияларидаги риск (хатар) даражасини онлайн режимда назорат қилиш жараёнларини автоматлаштириш, ходимларнинг хатти-ҳаракатлари ва улар томонидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймасликлари устидан назорат тизимини такомиллаштириш ишлари амалга оширилди. Бир қанча янги ички идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, мавжуд ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
[gallery-14884]
Тадбирда банк тизимида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида мижозлар томонидан тезкор хабар бериш имконини берувчи алоқа каналлари, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалар яратилгани алоҳида қайд этилди.
Шаҳноза Маматуропова,
Носир Ҳайдаров (фото), ЎзА