French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бизнесни ривожлантириш банки” Андижон вилоятига пресс-тур уюштирди
16:08 / 2024-03-18

Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам кенг кўламли қурилиш- бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, тадбиркорликни ривожлантириш, кичик ва хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали янги корхоналар ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, умуман, юртимиз иқтисодиётини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятда 24 минг 381 та кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, самарали фаолият юритмоқда. Кичик бизнес субъектлари, умуман, тадбиркорликни ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган "Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази" ҳамда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ фаол иштирок этиб, эришилаётган ижобий натижаларга муносиб ҳисса қўшмоқда. 

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Андижон вилоятига ташкил этилган пресс-тур доирасида ана шу йўналишдаги ишлар билан яқиндан танишилди.

Пресс-тур қатнашчилари дастлаб Андижон шаҳрида иш олиб бораётган вилоят “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” фаолияти, бу ерда кичик бизнес лойиҳаларини танлаш, ташаббускорларни ўқитиш, лойиҳаларни молиялаштириш, ахборот билан таъминлаш, бизнес режалар ва техник иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, маҳсулотлар бозорини топиш билан боғлиқ комплекс хизматлар кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. 

–Марказимиз тадбиркорлар ва кичик бизнес вакилларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, – дейди Андижон вилояти кичик бизнесга кўмаклашиш маркази раҳбар Самандар Ҳожисултонов. – Тадбиркорлар, кичик бизнес вакиллари ташаббус ва лойиҳалари қўллаб-қувватланади,  уларнинг кредит олишига, бозор топишига кўмаклашилади. Бундан ташқари, тадбиркорликка мослашиш, бухгалтерияни юритиш, ҳуқуқий ва бошқа қатор йўналишларда ўқитилади. 

[gallery-16478]

Айни кунга қадар ана шу йўналишларда онлайн платформада ўқиётганларнинг 500 нафардан ортиғига сертификатлар тақдим этилди.

Марказ томонидан “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасида жорий йилда вилоятдаги ҳар бир маҳалладан 5 тадан тадбиркор танлаб олиниб, уларнинг лойиҳалари молиявий қўллаб қувватланиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ фаолиятининг устувор йўналишлари ва жорий этилган банк хизматлари, тадбиркорларга тақдим этилаётган кредитлар ҳақида маълумотлар берилди.

Жумладан, мутахассислар томонидан камида бир йил мобайнида фаолият юритиб келаётган якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари, ўзини ўзи банд қилган шахслар, ҳунармандлар, касаначилар, нодавлат ташкилотлари, уч ва ундан ортиқ кишини иш билан таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларига 100 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилиши қайд этилди. Шунингдек, 150 миллион сўм, 1 миллиарддан 2 миллиард сўмгача кредитлар кимларга, қандай мақсадлар учун ва қандай шартлар асосида тақдим этилиши ҳақида ҳам тушунчалар берилди.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари ўтган йили Андижон шаҳрида фаолият олиб бораётган “Олий стандарт текстиль” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, корхонадаги иш жараёнлари билан танишди. 

       “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан тақдим этилган 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит ҳамда ўз маблағлари ҳисобига иш бошлаган мазкур корхона кунига 35 тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга. 

  • “Zamon” бренди асосида маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхонамизга Швейцариянинг машҳур Rider компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дастгоҳ ва технологиялар ўрнатилган, – дейди корхона раҳбари ва таъсисчиси Нуриддин Абдураҳмонов. – Маҳсулотларимиз сифати бўйича барча халқаро сдандартларга жавоб беради. Бугунги кунда маҳсулотларимиз асосан, Россия, Украина, Қозоғистон ва бошқа МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда.  Йиллик экспорт ҳажми 6 миллион долларни ташкил этади.

Ҳозир корхонада бир минг нафардан ортиқ киши меҳнат қилмоқда, уларнинг 90 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ молиявий кўмагида иш бошлаган ушбу корхона мингдан ортиқ кишига доимий даромад олиш имконини берди. 

Пресс-тур иштирокчилари Избоскан тумани Зарбдор маҳалласида иш олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор “Сотволдиева Муслимахон Маҳмуджон қизи”нинг фаолияти билан танишди. 

Тадбиркор чарм маҳсулотидан оёқ кийимлар ишлаб чиқариш ва таъмирлаш фаолияти билан шуғулланади. Бу ерда тайёрланаётган пойабзал маҳсулотлари сифати, бежиримлиги билан ўз харидорларини топган.

Тадбиркор ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ вилоят банк хизматлари офисидан 100 миллион сўм кредит олиб, янги дастгоҳлар сотиб олиб, ишлаб чиқариш ҳажмини оширди, янги иш ўринлари яратди. 

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Олтинкўл тумани Айрончи маҳалласида мебелчилик йўналишида фаолият олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор “Темиров Зафарбек Қўрқмасович” ҳамда “Араббой Эркинбоевлар” оилавий корхонаси фаолияти билан танишди. Ҳар иккала корхона ҳам “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ молиявий кўмагида ўз фаолиятини янада кенгайтирди. 

–Корхонамиз 8 йилдан буён фаолият юритади, – дейди “Араббой Эркинбоевлар” оилавий корхонаси раҳбари А. Эркинбоев. – Бир неча турдаги мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз.  “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Андижон банк хизматлари офисидан 100 миллион сўм кредит олиб, янги дастгоҳ сотиб олдик, фаолиятимизни кенгайтирдик.  Натижада учта янги иш ўрни яратилди. Биз тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаб, самарали иш олиб боришимизга яқиндан кўмаклашиб келаётган “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” ҳамда “Бизнесни ривожлантириш банки” хизматидан беҳад мамнунмиз. 

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан жавоблар олди. 

Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари