Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили қандай ишлайди?
16:43 / 2025-12-17

Адлия вазирлиги томонидан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорларга тушунтириш, давлат хизматлари тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиликлар ва яратилаётган қулайликларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Давлат хизматлари марказлари давлат ва бизнес ўртасида ишончни мустаҳкамловчи самарали ва қулай хизмат кўрсатиш  майдонига айланган. Шу муносабат билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда маъмурий ва солиқ юкламаларини камайтиришга қаратилган қатор муҳим янгиликлар жорий этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бизнесни бошлаш жараёнида давлат хизматларини комплекс кўрсатиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш мақсадида 2025 йил 14 ноябрда “Бизнес юритишни ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.

Фармон тадбиркорларнинг маъмурий харажатларини 90 миллиард сўмгача қисқартириш, шунингдек, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёнида 15 кунгача вақтни тежаш имконини беради.

 2026 йил 1 январдан бошлаб “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида бир қатор хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилади. Жумладан, электрон рақамли имзо бериш, банк ҳисоб-варақларини очиш ва фаоллаштириш, айрим фаолият турлари бўйича лицензия ва рухсатномаларга ариза топшириш, кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини олиш, онлайн назорат-касса машиналарини харид қилиш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, юридик шахс раҳбарини “Ягона миллий меҳнат тизими”да ҳисобга қўйиш имконияти яратилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади. Тадбиркорлик субъектларининг бирламчи маълумотлари ўзгарган тақдирда, ушбу ўзгаришлар гувоҳномалар, лицензиялар вa рухсатномаларга идоралараро электрон ҳамкорлик орқали автоматик ва бепул киритилади. 

2026 йил 1 мартдан бошлаб лицензиялаш вa рухсат бериш тартиб-таомилларини янада соддалаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилади.

Фармон билан жорий этилаётган янгиликлар тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, бизнесни тез ва  осон бошлаш ҳамда маъмурий тўсиқларни камайтиришга хизмат  қилади.

Н.Абдураимова,

ЎзА