Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бизнесни 15 дақиқада бошлаш имконияти йўлга қўйилди
12:17 / 2026-02-13

Сирдарёда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва давлат хизматларини янада қулайлаштириш мақсадида Президентнинг 2025 йил 14 ноябрдаги “Бизнес юритишни ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони асосида семинар ташкил этилди.

Семинар Сирдарё вилоят адлия бошқармаси, Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси, Кадастр ва Солиқ идоралари ҳамкорлигида ўтказилди. Унда тадбиркорлар ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар иштирок этишиб, янги қонунчилик ва давлат хизматлари соҳасидаги янгиликлар билан танишдилар.

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб амалиётга киритилган “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили тадбиркорларга давлат рўйхатидан ўтиш жараёнида қатор хизматларни бир вақтнинг ўзида кўрсатиш имконини беради. Бу тадбиркорлик фаолиятини сезиларли енгиллаштириб, вақт ва маъмурий харажатларни камайтиради.

– Энди тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтиш жараёнида қуйидаги хизматларни бир вақтнинг ўзида амалга ошириши мумкин, – дейди Сирдарё вилоят адлия бошқармаси шуъба бошлиғи Азиз Мавлонов. – Электрон рақамли имзо калитини олиш, банк ҳисобварақларини очиш ва фаоллаштириш учун ариза топшириш, айрим фаолият турлари бўйича лицензия ва рухсатномалар олиш, ижара шартномасини расмийлаштириш, ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш, онлайн назорат-касса машиналарини харид қилиш ва солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш имкони яратилган.

Семинар давомида иштирокчиларга Фармоннинг асосий йўналишлари, электрон хизматлар орқали рўйхатдан ўтиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк ҳисобварақлари ва назорат-касса машиналарини рўйхатдан ўтказиш каби янги қулайликлар батафсил тушунтирилди. Шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳамда қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан тўғри фойдаланиш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва бизнесни тез, самарали ҳамда замонавий тарзда рўйхатдан ўтказиш имкониятлари ҳақида кенг маълумотга эга бўлишди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири