Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бизнесингиз ривожи кайфиятингизга боғлиқ
11:00 / 2026-02-11

Бизнес ва истеъмолчилар кайфиятини кузатиш, ўрганиш Марказий банк фаолиятида тасодифий йўналиш эмас. Нархлар барқарорлигини сақлаш, инфляцияни назорат қилиш, иқтисодий фаолликни баҳолаш, пул-кредит сиёсатини белгиловчи Бош банкка чикора дейсиз?

Экспертларнинг айтишича, талаб ва таклиф мувозанати, ишлаб чиқариш қувватлари ҳолати, бизнес фаоллигининг пасайиши ёки ўсиши, инфляциянинг келгуси йўналишини олдиндан кўришда шу кайфият ва кутилмалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Масалан, буюртмалар қисқарса, талаб сусаяди, бу эса инфляция босимининг камайишига ишора қилади. Ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ ишласа, таклиф чекланади ва нархларга босим ортади.

Иқтисодчилар иқтисодий қарорлар фақат “қуруқ рақамлар”га эмас, балки одамларнинг кутилмалари, ишонч ва ҳадикларига таянган ҳолда қабул қилинишини исботлаб беришган. Ўзимиздан қиёс: агар биз эртанги кунга ишонмасак, пулимизни ҳеч нарсага сарфламаймиз, ҳеч қаерга тикмаймиз, оладиган нарсамизни кейинроқ муддатга суриб турамиз. Бизнес ҳам деярли шу тахлит иш тутади, қарорни бозордаги ҳолат ва унинг руҳиятга ижобий ёки салбий таъсири остида қабул қилади. 

Шу тахлит кайфият ва ишонч иқтисодни ҳаракатга келтирувчи муҳим кучга айланади. Одамлар иқтисодни рақамлар билан эмас, ўзаро суҳбатлар, оммавий кайфият орқали ҳис этади, сезади.

Бинобарин, Марказий банкнинг кейинги йиллардаги монетар сиёсатида инфляцион кутилмалар, ишонч индекси, бизнес кайфияти ҳал қилувчи кучга айланди.  Регулятор ўз сиёсатида одамлар нимани гапираётгани, нимани таъкидлаётгани, гапириш оҳангини эътиборга ола бошлади ва инфляцияни жиловлашда энг кучли инструмент сифатида фоиз ставкаси билан бир қаторда ишончли коммуникацияни ҳам тан олди.

Инфляция шароитида Марказий банк томонидан олиб бориладиган коммуникация, аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмаларини бошқаришда муҳим ўрин тутади. Бу кутилмаларни “лангарлаш” учун Марказий банк инфляция мақсадлари, жорий вазият сабаблари ва эришилган натижаларга алоҳида эътибор қаратилган хабарларни аниқ ва тушунарли тилда ёя бошлайди. Бундай коммуникация пресс-релизлар, матбуот анжуманлари ва бозор иштирокчилари билан мунтазам мулоқотлар орқали амалга оширилади. Натижада Марказий банк инфляция назорат остида эканини кўрсатиб, спекулятив хатти-ҳаракатларни чекловчи, яъни инфляцияни тезлаштирувчи, бозорда ноаниқликни оширувчи, нархларнинг асоссиз ўсиши, ишончни сусайтирувчи омилларни бартараф этиш чораларини кўриб, мавҳумликни камайтиради, монетар сиёсатга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.

Бизнес ва истеъмолчилар кайфияти сўровлари фоиз ставкасини белгилашда ишлаб чиқариш қувватлари, кредитга эҳтиёж, молиявий шароитлар, бизнес кутилмалари каби маълумотлар билан уйғун ҳолда таҳлил қилинади.

Марказий банк жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб иқтисодиётнинг ҳудудий ва тармоқ кесимидаги тузилмасини, сўнгги ойлардаги давлат сиёсати ва институционал ислоҳотларнинг бизнесга таъсирини, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини, фаолликка тўсиқ бўлаётган омилларни ўрганади. Шу орқали бизнеснинг қисқа ва ўрта муддатдаги кайфияти, шунингдек, давлат иқтисодий сиёсатига бўлган ишончи баҳоланади. 

Макроиқтисодчилар фикрича, саволлар малакали савияда тузилган бўлиб, жорий иқтисодий вазиятни таҳлил қилиш, унинг йўналишлари бўйича муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Сўровлар ҳудудлардаги иқтисодий фаоллик, тадбиркорлик муҳити, энергия истеъмоли ҳажми ўзгариши, юк ташиш ҳажмлари, меҳнат бозори ва соҳа истиқболларини аниқловчи саволлардан ташкил топган.

Ҳар бир саволга учтадан жавоб вариантлари бириктирилган бўлиб, тўлдирувчилар бир пайтнинг ўзида улардан бир ёки бир нечтасини танлаши мумкин. Натижалар ҳар бир жавоб вариантини танлаганлар сонини умумий жавоблар сонига бўлиш ва алоҳида гуруҳлар бўйича вазнли коэффициентлар қўллаш орқали умумлаштирилади. Сўнг маълумотлар тақсимот қоидалари асосида таҳлил қилиниб, ўртача кўрсаткичлар билан таққосланади.

Сўровлар аҳоли ва бизнеснинг фикрларини аниқлаш, талаб ва таклифларини баҳолаш, келгуси режаларни аниқлаб олиш, умуман иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни шакллантиришда, унинг йўналишлари ва самарадорлигини таъминлашда асосий инструмент ҳисобланаркан, бу жараённинг самарадорлиги кўп жиҳатдан иштирокчилар сонига боғлиқ. Бинобарин, сўров қанча кўп иштирокчини қамраб олса, статистик ишонч ва аниқлик даражасига шунчалик ижобий таъсир қилади, бозордаги вазият ва аҳоли фикри реалроқ намоён бўлади. Натижада Марказий банк ва бошқа институтларга инфляция, талаб ва таклиф динамикасини аниқ ва тез баҳолаш имкони туғилади. Лекин Марказий банк сўровни ўтказар экан, унда тадбиркорлик фаолияти йўналишларини кенгроқ қамраб олиш ва репрезентативликни, яъни танлаб олинган маълум бир гуруҳнинг фикрини кўпчилик фикрига мос тушишини англатишга эътибор берилганини таъкидлайди. 

Сўровномалар таҳлилларидан маълум бўлишича, бизнес кайфият сўровларида икки мингдан ортиқ кишининг (аниқ сон муҳим!) иштирок этгани умумий тарзда кўрсатилса-да, респондентларнинг соҳалар, ҳудудлар ва бизнес турлари бўйича тақсимоти очиқ берилмайди. Бу омиллар репрезентативлик сифатига таъсир қилади. 

Шу билан бирга, консистентлик, яъни мантиқий изчиллик, аввалги сўровномалар хулосалари билан муқояса, чуқур таҳлил ва ишончлилик бизнеснинг бошқа вакилларини ҳам сўровда қатнашишга рағбатлантиради.

Сўровларда кичик ва ўрта бизнес соҳалари кенг қамраб олиниши, хусусий тадбиркорларнинг четда қолишига йўл қўймаслик лозим. Таҳлил чоғи бизнес вакиллари охирги бир-икки ҳафтадаги муаммо (масалан, электр узилиши ёки ёнилғи нархининг ошиши) туфайли бутун 3 ойлик кайфиятни сунъий равишда ёмонлаштириб кўрсатиши, корхонаси ҳозир яхши ишлаётган бўлса ҳам, «эртага ёмонлашади», деган қўрқуви жавобларга таъсир қилиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаслик зарур. 

Хўш, Марказий банкнинг сўровномаларида бизнес кайфияти ҳақидаги сўровномалари таҳлилида нималарни кўряпмиз ва нималарни кўрмаяпмиз?

2025 йилнинг II ва III чораклари бўйича ўтказилган тадбиркорлик муҳити сўровларида ишбилармонларнинг 60 фоиздан ортиғи бизнес муҳитни яхшиланган, деб баҳолаган. Бу кўрсаткич сўнгги икки йил давомида барқарор сақланиб келаётгани алоҳида таъкидланган.

II чорак таҳлилида иқтисодий фаоллик кўрсаткичлари ўсишда экани қайд этилган бўлса, III чоракда аксар кўрсаткичлар “ўзгаришсиз сақланди” деган таъриф билан чекланган. Бу барқарорлик белгисими ёки ўсиш суръатларининг секинлашувими – таҳлил бу саволга аниқ жавоб бермайди. Четдаги одамга аниқ ва ишончли фикр муҳим.

Шунингдек, меҳнат бозори, бандлик ва кредитлар бўйича маълумотларда ҳам изоҳ талаб қиладиган жиҳатлар мавжуд. Айрим ҳудудларда қувватлардан фойдаланиш ошган бўлса, нега бандлик бир хил ўсмаган? Қарз мажбуриятлари қисқаргани ҳолда, нега кредитга эҳтиёж ортиши кутилмоқда? Бу саволлар очиқ қолмоқда.

Таҳлилларни оммага етказиш – шунчаки ахборот улашиш эмас. Бу жамиятда ишонч муҳитини шакллантириш, муаммоларни яширмасдан очиқ муҳокама қилиш, қарорлар сифатини яхшилаш ва бизнес учун аниқ ориентир бериш, мишмишларга қарши кураш, тадбиркорнинг овозига қулоқ солиш демакдир.

Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, фикр-мулоҳаза, рақамларга бой таҳлилни ўқиш, таҳлил қилиш унча-мунча одамга оғирлик қилади. Аммо тадбиркорлар фикрини умумлаштирувчи таҳлиллар экран юзида қолиб кетмай кенг оммага коммуникациянинг турли каналлари орқали турли соддалаштирилган шаклларда етказиб борилса, кутилган мақсадга эришиш мумкин. 

Асқар Хайдаров, эксперт.