Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бизнеси яхшиланишини кутаётган тадбиркорлар 74 фоизни ташкил этди
17:13 / 2023-06-06

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳар ойда реал сектор ва хизматлар соҳасининг ишбилармонлик муҳитини ўрганиш ва ҳудудларда бизнес-фаоллик мониторинги натижалари бўйича туркум ахборот-таҳлилий материалларни нашр этади. Бизнес ҳолатининг қисқа муддатли сифатли баҳоланиши сўровлар ва расмий статистик маълумотлар асосида амалга оширилади.

Май ойида Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити ҳолати сезиларли даражада яхшиланди. Буни республика бўйлаб мингдан ортиқ тадбиркорлар иштирок этган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўрови натижалари тасдиқлайди.

Марказ сўрови шуни кўрсатмоқдаки, май ойида ишбилармонлик муҳитининг жамланган индекси бир ой олдинги пасайишдан кейин ўсишни кўрсатди. Бизнес ҳолатининг ўзгариши қурилиш соҳаси ва саноат секторининг яхшиланиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишбилармонлик муҳити бироз пасайишга учради.

Ишбилармонлик муҳити кўрсаткичлари динамикаси

Ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи ўтган ойга нисбатан 1 пунктга ошди ва 60 пунктни ташкил этди, бу мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолатини ижобий, деб баҳолайди.

Ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатини "яхши" деб баҳолаган респондентларнинг улуши 40 фоизни, "ёмон" деб баҳолаган респондентлар улуши 12 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, корхоналарнинг 23 фоизи ишчилар сонини кўпайтирди ва 45 фоиз эса ўз товарлари/хизматларига талабнинг ўсишини қайд этди.

Жамланган кўрсаткичнинг ўсишига саноат ва қурилиш тармоқларида ишбилармонлик муҳити кўрсаткичлари динамикаси сезиларли таъсир кўрсатди. Хусусан, саноатда ишбилармонлик кайфияти 13 пунктга ўсиб, 67 тага етди, қурилиш секторида эса мос равишда 12 пунктга кўтарилиш, яъни 70 тагача ўсиш кузатилди.

Хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишбилармонлик муҳитининг жамланган кўрсаткичи йил бошидан бери кетма-кет тўрт ой давомида барқарор ўсишни кўрсатган бўлса, май ойида у 7 пунктга пасайиб, 60 пунктни ташкил этди.

Ишбилармонлик муҳити жорий ҳолатининг жамланган кўрсаткичи бироз кўтарилиб, 46 пунктни ташкил этди, бу қурилиш ва саноатдаги жорий ҳолатнинг сезиларли яхшиланиши, хизмат кўрсатиш соҳасида ҳозирги ҳолатнинг ёмонлашгани билан изоҳланади.

Бизнесни ривожлантириш истиқболларини кутишнинг жамланган кўрсаткичи уч қийматга ўсди ва 75 пунктни ташкил этди, бу саноат секторидан тадбиркорларнинг умидлари яхшиланганлиги сабабли оптимизм билан тасдиқланади. Хусусан, ушбу сектордаги бизнес кутилмалари бир ой ичида 20 пунктдан кўпроққа кўтарилиб, 61 пунктдан 82 пунктга кўтарилди.

Кейинги 3 ойда бизнесининг умумий аҳволи яхшиланишини кутаётган тадбиркорлар улуши 74 фоизни ташкил этди, 69 фоизи товар ва хизматларга талабнинг янада ошишини кутмоқда, 64 фоизи эса ходимлар сонини оширишни режалаштирмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, тадбиркорларнинг 20 фоизи яқин 3 ой ичида ўз товарлари ёки хизматлари нархи ошишини кутмоқда. Умуман олганда, жорий ҳолат кўрсаткичлари ва кутилаётган кутилмалар ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилиш иқтисодиёт ривожланишидаги ижобий тенденция келгуси 3 ойда ҳам давом этишини билдиради.

Кўрсаткичлар ўзгариши сабабларини таҳлил қилиш

Жорий йил май ойида тўсиқларга дуч келган тадбиркорлар сони 6 фоизга камайди. Бизнес юритишдаги тўсиқларни камайтириш кўрсаткичларни яхшилаш омили бўлиши мумкин. Масалан, молиялаштириш ва ер участкаларидан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келган респондентларнинг улуши бир ой ичида мос равишда 4 фоиз ва 10 фоизга камайди.

Апрель-май ойларида юқори солиқ ставкалари ҳақида савол берадиган тадбиркорларнинг улуши 9 фоиздан 4 фоизга камайди. Саноат секторидаги тадбиркорлар электр таъминотидаги муаммолар ҳақида тез-тез хабар беришни бошлади. Бошқа томондан юқори солиқ ставкалари каби тўсиқларнинг пасайиши кузатилди, уларнинг сони бир ой ичида 16 фоизга, ер участкаларидан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келган ва ходимларнинг етишмаслиги муаммоси бор тадбиркорлар 9 фоизга камайди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ферузбек Давлетовнинг маълум қилишича, қишлоқ хўжалиги вакиллари солиқ маъмуриятчилигидаги муаммолар ҳақида кўпроқ ташвишлана бошладилар, уларнинг улуши 9 фоизга ошди. Шу билан бирга, молиялаштиришда қийинчиликлар мавжудлигини қайд этганлар улуши 15 фоизга, ер участкалари ва сув таъминотида эса 6 фоизга камайди.

Шу билан бирга, қурилиш соҳасида солиқ маъмуриятчилиги, рухсатнома ва лицензиялар, газ таъминоти, коррупция ва кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар ҳақида хабар бериш камайди.

Хизмат кўрсатиш соҳасида ер участкаларидан фойдаланишда муаммолар кўпайиб бормоқда. Шу билан бирга, молияга киришда қийинчиликларни кўрсатувчи тадбиркорлар улуши 3 фоизга, юқори солиқ ставкалари эса 4 фоизга камайди.

Барно Мелиқулова, ЎзА