Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бизнес ва тадбиркорлик соҳасида коррупцияни бартараф этишга оид меморандум
18:47 / 2021-03-30

Тадбиркорликнинг ривожланиши учун соҳа вакиллари йўлига тўсиқ бўлаётган бюрократик тўсиқлар, коррупциявий омилларни бартараф этиш зарур.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шу асосда бизнес соҳасида қонун бузилишининг сабабларини аниқлаш, учраётган коррупция ҳолатлари тизимли таҳлилини амалга ошириш ҳамда унинг олдини олиш бўйича иш олиб борилади.

Тадбирда Бизнес-омбудсман тадбиркорларни қийнаётган бюрократик тўсиқлар бартараф этилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётганини қайд этди. Шунга қарамай ҳали амалга ошириладиган ишлар кўп.

Суд органларида 2020 йилда коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича айблов ҳукми чиқарилган 2 минг 185 нафар шахсдан 122 нафари давлат органи ходими бўлиб, улар мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ҳаракат содир этган. Яъни, шахсий манфаатдорликка йўл қўйган.

Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилган шахслар тендер савдоларини ташкил этиш, ер майдонларини ажратишда шаффофликни таъминламаган. Масъуллар ўзига олдиндан таниш бўлган хўжалик юритувчи субъектларга ён босган.

Улардан 45 нафари давлат харидлари билан боғлиқ қонун талабларига риоя қилмаган. Яъни, давлат улуши мавжуд корхона, ташкилот ва муассасаларда иш юритиши учун зарур жиҳозларни сотиб олиш ёки бошқа масалаларда қонун талабларига риоя қилинмаган. Шу жумладан, етказиб берувчи ташкилот билан тил бириктирган ҳолда мулкларнинг ўзлаштирилиши, расмий ҳужжатларнинг сохталаштирилиши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилган. Бу каби ҳолатлар соғлом рақобатга зарар етказиши аниқ.

Эндиликда меморандум бўйича ҳамкорликда тадбиркорлик соҳасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш, бундай ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилади.

Коррупцияга муросасизлик муҳитини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади. Коррупция ҳолатлари юзасидан хабар бериш механизми такомиллаштирилади. Тадбиркорлик соҳасида коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш бўйича жамоатчилик (ёшлар, фуқаролик жамияти, тадбиркорлик субъектлари) ҳаракатлари рағбатлантирилади.

Ўзбекистон бизнесининг Коррупцияга қарши курашиш хартияси биргаликда такомиллаштирилади.

Учрашувда тадбиркорлик соҳасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитлари юзасидан қўшма тадқиқотлар ўтказиш, ҳалоллик ва бизнесга ишончни кучайтириш чора-тадбирларини назарда тутувчи қатор ҳужжат ва қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш, тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларни ташкил этиш белгиланди.

Н.Абдураимова, ЎзА