Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “Business” МЧЖ (номи ўзгартирилган) суд қарори ижроси таъминланмаганидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2021 йилдаги қарорига мувофиқ, жамият фойдасига “Xorazm Temir Yo‘l Qurilish” УК ҳисобидан 482,9 миллион сўм қарздорлик ва 12,4 миллион сўм пеня ундирилиши белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида жамият томонидан Мажбурий ижро бюросининг Хоразм вилоят бошқармасига барча тегишли ҳужжатлар тақдим этилган. Шунга қарамасдан, суд қарори ижроси таъминланмаган.
Бизнес-омбудсманнинг аралашуви билан жамият фойдасига жами 500,7 миллион сўм ундирилди.
Шунингдек, Бухоро вилоятида фаолият юритувчи “Атлант” деҳқон хўжалиги (номи ўзгартирилган) солиқ органининг қароридан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Хусусан, Вобкент туман давлат солиқ инспекцияси томонидан деҳқон хўжалигининг фаолиятида камерал солиқ текшируви ўтказилган. Текширув натижаларига кўра, фермер хўжалигига 29,3 миллион сўмлик солиқ ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бунда, солиқ органи томонидан фермер хўжалигига нисбатан солиқ имтиёзи, яъни айланмадан олинадиган солиқ ставкаси ноль фоиз миқдорида қўлланилиши инобатга олинмаган.
Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан амалга оширилган ишлар натижасида Вобкент тумани давлат солиқ инспекциясининг фермер хўжалигига нисбатан 29,3 миллион сўмлик солиқ ҳисоблаш тўғрисидаги қарори бекор қилинди.
ЎзА