Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бизнес-омбудсманга тўсқинлик қилган шахслар жаримага тортилди
15:00 / 2022-09-23

Мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, бизнес муҳитни яхшилашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Президент ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) ташкил этилди.  

Мазкур тузилмага тадбиркорлар ҳимоясини янада мукаммаллаштириш, ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, бундай ҳуқуқларни бузиш ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш ваколати берилди.  

Бу мансабдор шахслар қарорлар қабул қилиш жараёнида ўз ҳаракат ва ҳаракатсизликларининг тадбиркор ҳуқуқларига қандай таъсир ўтказиши мумкинлиги, ўз навбатида, бунинг оқибатлари ўзига қандай таъсир қилишини чуқурроқ ўйлаб кўриши кераклигини ҳам англатади.    

Бизнес-омбудсман мурожаат қилаётган тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш, тадбиркорлар ҳуқуқларини бузаётган мансабдор шахсларга таъсир чоралари кўриш борасида изчил фаолият олиб бормоқда.    

Бизнес-омбудсман девонига «Servis Sardor» масъулияти чекланган жамияти раҳбари (субъект номи ўзгартирилган) мурожаат қилиб, ҳуқуқини тиклашда амалий ёрдам сўради.  

Аниқланишича, “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиалининг Бектемир тумани бўлими томонидан жамият фойдаланиб келаётган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасига келувчи газ тармоқдан узиб қўйилган.  

Қисқа муддатли текшириш жараёнида шохобча фаолиятини тўхтатиб туришга асос бўлмаса ҳам “Ўзнефтгазинспекция” Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг хатига асосан “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали тадбиркор фаолиятини тўхтатиб турган.  

Бизнес-омбудсман девони ходимлари тадбиркор мурожаати асосида ўтказилган текшириш натижаси бўйича “Ўзнефтгазинспекция” Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ҳамда “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиалига сўров хатлари юборди. Натижада тадбиркорнинг муаммоси ҳал этилиб, фаолият кўрсатишни бошлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ҳамда унинг девони ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлиги сабабли “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали раҳбарига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судининг қарори билан филиал раҳбари Т.Г.га  жарима солинди. 

Шу каби Бизнес омбудсман ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилган Тошкент шаҳар ДСБ, Яшнобод, Янги ҳаёт туманлари ҳокимлиги масъул ходимлари ҳам жаримага тортилди.  

 

А.Каримов, 
Бизнес-омбудсманнинг Тошкент шаҳри шўъбаси раҳбари.  
ЎзА