English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бизнес омбудсман вакиллари аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашмоқда
12:23 / 2024-08-31

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли давлат бошқарув идоралари, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар томонидан мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Бизнес-омбудсман девонининг Андижон вилояти вакиллиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилаётган тадбиркорлар билан учрашувлар доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўплаб ишсиз фуқаролар ишга жойлаштирилмоқда.

Булоқбоши ва Хўжаобод туманларида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида йирик ишлаб чиқарувчилар билан учрашувлар доирасида ўнлаб фуқаролар Булоқбоши туманидаги "Қўҳна булоқ" МЧЖга қарашли трикотаж фабрикасга, Хўжаобод туманидаги “Нил гранит” корхонасига синов асосида ишга қабул қилинди.  

Шунингдек, Пахтаобод туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида бизнес вакиллари билан ўтказилган учрашувда ҳам кўплаб фуқаролар тумандаги "Бахт текстил" МЧЖга қарашли трикотаж фабрикасига ишга жойлаштирилди, доимий даромад манбаига эга бўлди.  

-  Туманимиздаги "Бахт текстил" трикотаж корхонасига тикувчи бўлиб синов асосида ишга қабул қилиндим,--дейди Пахтаобод тумани Дўнг қишлоқ маҳалласида яшовчи Сурайё Мавлонова. – Корхонадаги ойлик иш ҳақи, шарт-шароитлар менга маъқул бўлди. Энди шу корхонада астойдил ишлаб оиламга даромад келтиришга ҳаракат қиламан.  

Ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган бу каби учрашувлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларда ташкил этилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Андижон вилоятида 109 минг нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли мавжуд.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари