Мамлакатимиз бўйлаб ҳар бир ҳудудда ўзининг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда.
Хусусан, Бизнес-омбудсман Д. Қосимов ва Олмалик шаҳар ҳокими Қ. Хамдамов бошчилигида «Яшил йиллик» умуммиллий лойиҳаси доирасида Олмалиқ шаҳри "Олмалиқсой" МФЙ ҳудудидаги собиқ «Қурувчилар боғи»да 150 туп манзарали ва 100 туп мевали дарахтлар экилди. Шунингдек, ҳудудларда 11 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари экилиши кўзда тутилган. Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2 февраль куни «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида 1 мартдан «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланиши эълон қилинди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида бутун мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилди, – деди Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов. – Шунга кўра, юртимиз бўйлаб дарахтлар ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида экилмоқда. Экинлар агротехник талаблар асосида парвариш қилинади, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.
Албатта, ижобий бизнес муҳитини ташкил этиш долзарб масаладир, шу билан бирга, тоза экологик муҳитни таъминлаш эса янада долзарб.
Гулноза Бобоева, ЎзА