Маълумки, Бизнес-омбудсман мамлакатимизда тадбиркорлар билан давлат органлари ўртасидаги низоларнинг олдини олиш ва уларни ҳал этиш бўйича масъул бўлиб, ўз фаолиятини халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўла риоя қилган ҳолда амалга ошириб келмоқда.
Шунга кўра, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашда кўмак сўраб девонга мурожаат қилишади.
Бизнес-омбудсманга ана шундай мурожаатлардан бири Тошкент вилоятида фаолият юритувчи "Т.Н." МЧЖдан келди. Ташкилот қарздорликни бартараф этишда амалий ёрдам сўраб «Тадбиркор виртуал офиси» орқали мурожаат қилди.
Текширувларда аниқланишича, Чирчиқ шаҳрида автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектига сувга ноқонуний уланганлик, ҳисоблагич ишламаётгани важ қилиниб, 110 миллион сўм жарима ҳисобланган.
Судда жарималарни ундиришга оид даъво аризалари рад қилиниб, тадбиркор фойдасига қарор чиқарилган. Шунга қарамай, тадбиркор зиммасида сув таъминотидан 88 миллион сўм қарздорлик қолиб кетган ва бу бўйича унга хабарнома юборилган.
Вакил девони ёрдамида тадбиркор ичимлик сувига қайта уланиб, қарздорлик "Тошкент вилояти сув таъминоти" АЖ биллинг дастуридан олиб ташланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА