АОКАда Бизнес-омбудсман томонидан “Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича 2023 йилда амалга оширилган ишлар” мавзуида брифинг бўлиб ўтди.
Унда Бизнес-омбудсман девони ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова ўтган йил давомида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Бизнес-омбудсман томонидан амалга оширилган ишлар бўйича қуйидаги маълумотларни берди.
Қайд этилишича, 2023 йилда Бизнес-омбудсманга жами 18 минг 168 та мурожаат келиб тушган. Бизнес-омбудсманга келиб тушган мурожаатлар хусусиятлари бўйича таҳлил этилганда уларнинг 19 фоизи солиққа оид, 14 фоизи суд қарори ва ижросига оид, 13 фоизи ер, кадастр ва архитектурага оид, 12 фоизи банк, кредитга оид, 8 фоизи инфратузилма ва бошқа масалаларга оиддир.
Ўтган давр мобайнида “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида тадбиркорларга 19,6 миллиард сўмдан ортиқ кредит ажратилиши, 10,3 миллиард сўм миқдорида асоссиз тўланган солиқ суммалари қайтарилиши, 3,7 миллиард сўм пул маблағи ундирилишида ёрдам кўрсатилган.
Жорий йилда тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган текширувлар қонунийлиги мониторинг қилинганда 19 та назорат органи томонидан 5 минг 34 та ноқонуний текширув ўтказилгани, 21 та назорат органи томонидан 14 минг 533 та ҳолатда текшириш ўтказиш тартиби бузилгани аниқланган.
Қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 1 минг 303 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган, 70 нафар ходимга интизомий жазо қўлланилган.
Ўтган 2023 йилда, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик ижроси бўйича 8 та назорат органида ўрганиш ўтказилган.
Ўрганишда 7 минг 328 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 9 та тақдимнома, 1 минг 140 нафар мансабдорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган, 68 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган.
Ўтган 2023 йилда Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жами 3 387 та таъсир чораси, шундан 33,5 миллиард сўмлик 122 та даъво аризаси, шикоят, 113 та тақдимнома, 49 та хулоса, 23 та огоҳнома ва 3 минг 88 та маъмурий чора қўлланилган.
Натижада, судлар томонидан 21,4 миллиард сўмлик даъво тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган ва 79,6 миллиард сўмлик ҳисобланган қарздорлик бекор қилинган, 16 та қарор ҳақиқий эмас, деб топилган.
Шунингдек, киритилган тақдимномалар асосида 140 нафар масъул шахс интизомий жавобгарликка тортилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА