Мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор вазифа сифатида қаралади. Хусусан, Бизнес омбудсман бу борада самарали фаолиятни амалга оширмоқда.
Хусусан, жорий йилда тадбиркорлар томонидан Бизнес-омбудсман девони ҳамда Тадбиркор виртуал офиси орқали жами 17 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Келиб тушган мурожаатлар асосида тадбиркорларга 34 миллиард сўмдан ортиқ кредит ажратилишида, 16 миллиард сўм пул маблағларини ундиришда ва 14 миллиард сўм миқдорида асоссиз тўланган солиқ суммалари қайтарилишида ёрдам кўрсатилган.
Бизнес-омбудсман маълумотига кўра, аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 12 та тақдимнома киритилган ва 138 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Шунингдек, жорий йилда Бизнес-омбудсман томонидан ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришга қаратилган 18 та таҳлилий маълумотлар асосида 110 та таклиф тайёрланди. Қолаверса 9 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари, жумладан, 4 та қонун, 4 та Президент фармони, 1 та Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб битта ҳуқуқбузарлик учун битта жавобгарлик чорасини белгилаш назарда тутилмоқда. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинмоқда.
Шунингдек, рақамли маркировкалаш қоидаларини ҳамда фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш, ходимлар сонини яшириш учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади.
Низолар ҳал қилинишини енгиллиштириш мақсадида 2025 йил 1 мартдан судда иш юритиш тарафлар келишуви билан тугатилганда давлат божининг бир қисмини қайтариб бериш тартиби жорий этилади.
Тадбиркорлар фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати тасдиқланади. Бунда, рўйхатда йўқ масалалар бўйича тадбиркорлар фаолиятини текшириш тақиқланади. Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали хабардор этиш тартибида амалга оширилади. 2025 йил 1 январдан бошлаб текширувлар “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими доирасида тадбиркорларни 3 та тоифага ажратган ҳолда ўтказилади.
Бу йил давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик жараёнида ўндан зиёд йўналишларда бутун республика бўйлаб фаолият олиб борувчи тадбиркорлар билан бирма бир суҳбат қилинди. Уларни қийнаётган масалалар тингланиб, ҳал қилиш чоралари кўрилди. Тизимли ва комплекс ёндашувни талаб қиладиганлари давлат раҳбарига киритилди.
“Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот” платформасига жами 11 минг 905 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 9 минг 400 таси юридик шахслар, 1 минг 564 таси якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилган. 7 таси чет эл инвестори бўлса, уларнинг 934 таси фуқаролардан таклиф сифатида келиб тушган.
Шунингдек, келиб тушган мурожаатларнинг масъул вазирлик ва идоралар томонидан ўз вақтида кўриб чиқилиши ва ҳал этилиш ҳолатини ўрганиш мақсадида тадбиркорларга қайта қўнғироқ қилиш – “Callback” тизими ҳам ишга туширилди.
Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган очиқ мулоқот якунлари бўйича белгиланган вазифалар Президент фармонида ўз аксини топди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мониторинг қилиш йўналишида ҳам Бизнес-омбудсман бир нечта чора-тадбирларни амалга оширди.
Жумладан, Бизнес-омбудсманга назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказишни келишиш учун киритилган жами 4 минг 426 та буюртмадан 1 минг 906 таси (43 фоизи) келишилган ва қолган 2 минг 520 таси (57 фоизи) текширув ўтказиш учун қонуний асослар мавжуд бўлмагани сабабли рад этилган.
2024 йил январь-ноябрь ойлари давомида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида текширувларни ўтказишнинг қонунийлиги мониторинги амалга оширилиб, мониторинг доирасида 16 та назорат қилувчи органлар томонидан 910 та ноқонуний текширувлар ўтказилгани ҳолатлари ҳамда 20 та назорат қилувчи органлар томонидан 7 минг 855 та текширув тартибини бузиш ҳолатлари аниқланди.
2024 йил январь-ноябрь ойлари давомида текшириш тартибига риоя қилмаганлик ҳолатлари юзасидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича назорат органларининг 891 нафар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Бундан ташқари, тадбиркорлар фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширишда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш мақсадида назорат қилувчи органларнинг 4 минг 744 нафар мансабдор шахслари иштирокида жами 80 та ўқув-семинарлари ташкил этилди.
Тадбиркорлар фаолиятида текширишларни ўтказувчи ходимларнинг малака ва профессионаллик даражасини баҳолаш мақсадида назорат қилувчи органларнинг 10 минг 376 нафар ходими аттестациядан ўтказилиб, уларнинг 7 минг 999 нафари (77,1 фоизи) тадбиркорлар фаолиятида текширувлар ўтказишда етарли малакага эга, деб топилди.
Тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ижросини назорат қилиш йўналишида Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси ҳолати юзасидан ўрганишлар ўтказилади. Хусусан, жорий йилда 7 та давлат органи ва ташкилотида ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар натижасида 25 минг 24 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича давлат органи ва ташкилотларига 7 та тақдимнома киритилган, шунингдек 551 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган, 37 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА