Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бизнес-омбудсман тадбиркорларнинг ишончли вакили
20:33 / 2023-05-08

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга давлат органлари томонидан адолатли ва тенг муносабатда бўлишини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратишда Бизнес-омбудсманнинг ҳиссаси катта.

Хусусан, Сурхондарё вилояти Ангор туманида фаолият кўрсатиб келаётган «Асадуллоҳ-Ангор” МЧЖ (номи ўзгартирилган) туман ободонлаштириш бошқармасининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.  

Аниқланишича, корхона туман ободонлаштириш бошқармасининг буюртмасига асосан “Обод қишлоқ” дастури доирасида тумандаги “Баҳор” ва “Зартепа” маҳаллаларида 405 миллион сўмлик пиёдалар йўлакчаси ва “Абдураҳмон АУФ ота” қабристонида 383 миллион сўмлик таъмирлаш ишларини амалга оширган.  

Шартнома бўйича дастлаб 41 миллион сўм “аванс” сифатида тўлаб берилган. Лекин туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан бажарилган ишлар юзасидан жами 747 миллион сўмлик қарздорликни тўлаб бериш рад этилган.  

Ушбу ҳолат бўйича Бизнес-омбудсман томонидан «Асадуллоҳ-Ангор” МЧЖ манфаатида Шеробод туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди. Натижада Шеробод туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан, тадбиркор фойдасига Ангор тумани ободонлаштириш бошқармаси ҳисобидан 747 миллион сўмлик қарз ундирилди.  

Шунингдек, Бизнес-омбудсман томонидан яна бир тадбиркор фойдасига 205 миллион сўмлик қарз ундирилиб берилди.  

Cурхондарё вилояти, Термиз туманида фаолият кўрсатиб келаётган “Ангор Шоҳсанам” МЧЖ (номи ўзгартирилган) Термиз тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси билан тузилган шартномага асосан “шебен” ва “қурилиш қуми” маҳсулотларини етказиб берган. Лекин Термиз тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан сотиб олинган маҳсулотлар юзасидан жами 25,8 млн. сўмлик қарздорликни тўлаб бериш рад қилинган.  

Ушбу ҳолат бўйича Бизнес-омбудсман томонидан “Ангор Шоҳсанам” МЧЖ манфаатида Шеробод туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди. Натижада Шеробод туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 24 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, тадбиркор фойдасига Термиз тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳисобидан 25,8 миллион сўмлик қарз ундирилди.  

Бундан ташқари, Сурхондарё кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси “Ангор Шоҳсанам” МЧЖ билан имзоланган шартномага кўра, қурилиш маҳсулотларини сотиб олган. Бироқ Сурхондарё кўприклардан фойдаланиш УК томонидан сотиб олинган маҳсулотлар юзасидан жами 180 миллион сўмлик қарздорликни тўлаш рад қилинган.  

Ушбу ҳолат бўйича Бизнес-омбудсман томонидан “Ангор Шоҳсанам” МЧЖ манфаатида Шеробод туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди. Натижада Шеробод туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 4 апрелдаги ҳал қилув қарорига кўра, тадбиркор фойдасига Сурхондарё кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳисобидан 180 миллион сўмлик қарз ундирилди.  

Гулноза Бобоева, ЎзА