Шу кунларда Бизнес-омбудсман томонидан жорий йилда ўтказиладиган Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Шунга кўра, ҳудудларда девон ходимлари томонидан тадбиркорлар билан соҳалар кесимида учрашувлар графиклари тасдиқланди ва учрашувлар ташкил қилинмоқда.
Учрашувларда билдирилган таклифлар таҳлил қилиниб, тизимли муаммолар бўйича таклифлар шакллантирилмоқда.
Бизнес-омбудсманга Навоий вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъекти ўтказилган текширув бўйича қўлланилган маъмурий жаримадан норози бўлиб, мурожаат қилди.
Аниқланишича, Навоий шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими томонидан 2025 йил 3 апрель куни “Diyor 93” (номи ўзгартирилган) МЧЖ фаолиятида текширув ўтказилган. Ушбу текширув давомида тадбиркорлик субъекти ходимига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддасига асосан маъмурий жарима жазоси қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган.
Бизнес-омбудсман девони томонидан ўрганилганда тадбиркорлик субъекти фаолиятидаги мазкур текширув амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид равишда ўтказилгани аниқланиб, уни амалга оширган мансабдор шахсга нисбатан МЖтКнинг 241-2-моддасига асосан маъмурий иш ҳужжатлари расмийлаштирилиб, жарима жазоси тайинланди.
Ўз навбатида, "Diyor 93" МЧЖ ходимига нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақидаги қарор процессуал қонунчилик талаблари бузилган ҳолда қабул қилингани учун бекор қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА